Арстан Алайнинг «Худоман» дегани эмас, «охирги йилдаги» баёнотлари текширилади 

488

Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг етакчиси Зайирбек Эргешов «Марал» радиосига берган интервьюсида билдиришича, комиссия Арстан Алайнинг «охирги йилларда» айтган сўзларини текширади. 

«Ҳар бир одам ўз фикрини эркин айтишга ҳақли. “Худоман” дейдими, бошқа гап айтадими  — у фуқаролик эрки. Арстан Алайнинг “Худоман” деган сўзига эмас, охирги йиллари ижтимоий тармоқлар, телеканаллар орқали айтганлари экспертизадан ўтказилади», — деб билдирди Эргешов.

Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистонда қонунларга, фуқароларга зарар келтирмаган, жамоатчиликни бўлиб-ажратмаган фикрларга ҳеч ким тақиқ қўймайди, радикал, экстремистик чақириқларга эса чора кўрилади. 

«Арстан Алайнинг айтган сўзларида турли динларга, миллий қадриятларга нисбатан, диний низо қўзитиш масалалари бўйича экспертиза ўтказилади», — деди Эргешов.

Бунга қадар, Арстан Алай ўзини худо деб эълон қилгандан кейин Бишкек ШИИБи унга қарши тергов бошлаган. Алайнинг айтганлари, Жиноят ва қилмишларнинг умумий реестрига «Этник, миллий ва диний низо қўзғаш» моддаси бўйича рўйхатга олинган. 

Шундан кейин Алайнинг тарафдорлари матбуот анжумани ўтказиб, улар ўзларини худо деб эълон қилишиб, уларга нисбатан ҳам текширув бошлашни талаб қилишган. Улар шундан кейин милицияга боришган, аммо у ерда иш қўзғашдан бош тортишган. 

Арстан Алай — тангричи. Тангричилик — бу қадимий турк ва мўғул элларининг осмонга сиғиниши билан боғлиқ дини. Тангричиликка эътиқод қилганлар ҳукуматдан бир неча бор оқимини дин қатори тан олишни талаб қилишган. Аммо уларнинг талаби хозиргача бажарилмаган.