Ўш милицияси «ҳукумат исломга қаршилик қилмоқда» деган маълумотни инкор қилди

549

Ижтимоий тармоқларда 19-октябрда масжид ёнида милиционерлар билан эркак кишиларнинг ўртасида юз берган тортишув тасвирланган видео тарқаган.

Унда милиционерлар жума намозига келганларга қараб балоғатга етмаганларга нисбатан рейд ўтказилаётгани бўйича маълумот беришаётганини кўриш мумкин. 

«Улар дарсга бориши керак-да. Дарсни ташлаб қўйиб жумага келишяпти», — деб билдирган ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларидан бири. 

Видеода милиционерларнинг айтган сўзларига тўпланганлардан бири «Қирғизистон мамлакати жумага қаршими?» деб қичқиргани эшитилади. Бундан ташқари, бошқа бир киши ёш болаларни машиналарга солиб кетилишини танқид қилиб, ўсмирларга тушунтириш ишларини мактабга бориб ўтказишни айтади. 

Мазкур видео бўйича Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси 22-октябрда кечка яқин пресс-релиз эълон қилди. Унда Қирғизистоннинг ҳукумат органлари ислом динига тўсқинлик қилмоқда деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди деб ёзилган. 

Шунингдек, видео Қорасув шаҳрининг «Ас-Сарахсий» масжидида олингани хабар қилиниб, диний маскан милиционерларнинг алоҳида назоратида бўлгани айтилади. 

«Бу масжиднинг собиқ имоми Рашод Камалов экстремистик ташкилотнинг мафкурасини тарқатиб юргани учун судланган. Шунингдек ҳозирги имоми ҚМДБнинг фатвосини бажармай, Рамазон ҳайт намозини бир кун аввал ўқиганлиги бўйича текширув бормоқда. Шу сабаблардан мазкур масжидга ўсмирларнинг боришига милиционерлар қонун доирасида назорат ўтказмоқда», — деб ёзилган пресс-релизда.

Ўш ВИИБнинг матбуот котиби Жениш Аширбаев «Клооп»га мазкур масжиднинг ҳозирги имомига қарши иш «Экстремистик ташкилот тузиш» моддаси бўйича судгача текширувга олинганини айтди. Шунингдек Аширбаев ишни МХДҚ тергов қилаётганини қўшимча қилди. 

Ўш вилоят милицияси октябрнинг ўрталарида мактабга бормай юрган болаларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказган. Бир неча кун давом этган тадбирнинг натижасига кўра мактабга бормай юрган 91 бола аниқланган. Унинг тўққиз нафари ўқишга умуман бормаган. 

Мақола эълон қилиниши арафасида Қирғизистон мусулмонларининг диний бошқармасидан изоҳ олиш имкони бўлмаган. Муассасадан кейинроқ боғланишни айтишди. 

Қорасув шаҳридаги «Ах-Сарахсий» масжиди жума намозга 5 мингга яқин одам йиғилади. Масжиднинг собиқ имоми Рашод Камалов 2015 йили «Динлараро низо қўзиш» ва «Ижтимоий тадбирларда экстремистик материалларни тарқатиш» моддалари бўйича айбдор деб топилиб 5 йилга судланган.