Журналист ва Қирғизистоннинг Социал-демократия партиясининг (ҚСДП) аъзоси Мирбек Айтикеев оиласи билан Европа давлатларидан бирида «хавфсиз ерда» эканини vesti.kg нашрига берган интервьюсида айтди.
Унинг айтишича, 9-августда куч ходимлари собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг бошқа тарафдорлари Алга Киличев билан Амантур Жамгирчиевни қўлга олгандан кейин Қирғизистондан чиқиб кетишга қарор қилган.
«Қўлга олиниш хавфида эканимни тушунганман [...] Шунингдек “органларда” ишлаган танишларим ҳам менга нисбатан чора кўрилишига шаъма қилишган. Шундан кейин оилам билан гаплашиб, ҳозирча хавфсиз ерда бўлиб туришга қарор қилдик», — деб билдирган Айтикеев.
Айтикеев Қўй-Тош воқеасидан кейин милиционерлар оиласини ва дўстларини «бир неча марта» сўроққа олганини қўшимча қилган.
«Икки ой давомида онам, турмуш ўртоғим билан алоқага чиқмай, кичкина қизимни кўролмай юрдим [...] Икки ойдан кейингина уларга учраша олдим», — деган Айтикеев.
Унинг айтишича, партия бўйича тарафдорларнинг бири ҳам унга яширинишга ёрдам бермаган, чунки ўша вақтда сўроқ беришаётган бўлган, айримлари эса қамоққа олинган эди.
«Менга муҳолифатга ҳам, ҳукуматга ҳам алоқаси йўқ одамлар ёрдам беришди. Улар таниқли одамлар, уларнинг исмини айтишни истамайман. Улардан миннатдорман», — деб айтган Айтикеев.
«Азаттык» радиоси 17-октябрда ўз маълумот манбаларига таяниб Мирбек Айтикеев оиласи билан Швецияда юрганини хабар қилган. У Атамбаевнинг фаол тарафдори бўлган ва 7-августда собиқ президентнинг қароргоҳи штурмга олинаётган вақтда жонли эфир олиб кўрсатган.
Ҳозирда Атамбаев МХДҚнинг ТИЗОсида қамоқда. Унга қарши бир неча айблар қўйилган. Бундан ташқари, ҳукумат Атамбаевнинг бошқа тарафдорларини қўлга олган. Қўлга олинганлар орасида президент администрациясининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов бор, Жогорку Кенешнинг икки депутати Асел Кодуранова ва Ирина Карамушкина эса уй қамоғида.