Ўш драма театрини таъмирлашга 16 млн сом ажратилди

378

Султан Ибраимов номидаги Ўш Миллий драма театрида капитал таъмирлаш ишлари сентябрнинг охирида бошланган.Театр 1974 йили қурилиб, шундан бери таъмирланмаган. 

Театрнинг вакили Шерали Бекбашов «Клооп»га билдиришича, маданий масканни таъмирлашга давлат бюджетидан 16 млн сом ажратилди. Бу маблағ эвазига бинонинг фасади, коридорлар, гримхонлар ҳамда саҳналар таъмирланади. 

29-ноябрь куни театрда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти томонидан уюштирилган фестивалнинг ёпилиши ўтказилади. Шу вақтгача таъмир ишларини тугатиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, тадбирга президент Сооронбай Жээнбековнинг келиши кутилмоқда. 

2019 йили «Ўш — турк дунёсининг маданий маркази» деб аталган. Унинг доирасида апрель ойида шаҳарда бир қатор маданий тадбирлар бўлиб ўтган. 2020 йилдаги турк дунёсининг маданий пойтахти бўлиб эса Ўзбекистондаги Хива шаҳри эълон қилинди.

                                                                                       Муаллиф: Элдияр Бакиров