«Бизни монстр қилиб кўрсатишмоқда» — Руслан Матраимов

411

«Super.kg» нашрининг журналистлари «Азаттык»нинг оператори Айбек Кулчуманов ҳақида сюжет тайёрлашди. Бир неча кун аввал Матраимовнинг «яқинлари» дрон билан видео олиб юрган Кулчумановга ҳужум қилишган. «Азаттык»нинг ходимидан ҳужжатларини ва ускуналарини тортиб олишиб, «ҳусусий мулкка рухсатсиз киришда» айблашган.

«Бу Райимбекнигина эмас, ҳаммамизнинг уйимиз»

«Исмаил ата» хайрия фондини бошқарган Руслан Матраимов журналистларга Кулчумановга ҳужум қилинган куни уйида йўқ бўлганини билдирди. 

«Мен йўғимда уйга қараб турган Нургази исмли укамдан эрта билан 9-10да менга қўнғироқ келди. “Байке, уйга дрон тушиб қолди, биз ушлаб олдик. Нима қилайлик?” деди. Барини ўрганиб, қонун доирасида қараб қўйинглар деб айтганман», — деб тушунтирди Матраимов.

Шунингдек у Кулчумановга ҳужум бўлган ердан узоқ бўлмаган жойдаги уй «Азаттык» журналистик суриштирувларида айтилгани каби Райимбек Матраимовгагина эмас, уларнинг барча оиласига тегишли эканини айтди. 

«[...] Уйни раҳматлик онамнинг номига 2005 йили сотиб олганмиз. Ўз кучимиз билан 4-5 йилда битирдик [...] Шу уйда катта бўлганмиз. Ўша уйнинг энг кенжасиман», — деб билдирган Матраимов.

«Матраимовларнинг уйи биргина Ўшда эмас, Қирғизистондаги энг кучли қўриқланадиган объект»

«Азаттык»нинг журналисти Идирис Исаков билдиришича, унинг ҳамкасби Айбек Кулчуманов видеони Али Токтакунов тайёрлаётган журналистик суриштирув учун тасвирга олган. 

«Бу объектлар қаторида Райимбек Матраимовга ва унинг қариндошларига Искендер, Тилек ҳамда бошқа янгаси, опаси, холаси ва бошқалар номига рўйхатга олинган мулклар. Мана шуларни тасвирга олиш керак бўлган. [...] Улар бизнинг ҳусусий [мулкимизга] кириб кетибди, девордан ошиб тушибди деганга ўхшаган нарсаларни айтишмоқда, аммо девордан Матраимовлар уйига одам эмас, сичқон кира олмайди», — деди Исаков.

Унинг айтишича, турар жой уч метрлик девор билан тўсилган, атрофига эса видео камералар ўрнатилган. Бундан ташқари, уйни тўрт-беш қоравул қўриқлайди. «Райимбек Матраимовларнинг уйи Ўшдагина эмас Қирғизистондаги энг қаттиқ қўриқланадиган объект», — деб қўшимча қилган журналист.

Исаков шунингдек Матраимовлар «Келечек» ўқитув марказига борувчи йўлни рухсатсиз тўсиб олишганини айтган. У ерда Ўш шаҳри бўйича барча болалар билим олишади. Унинг айтишича, видео тўсилган йўлни биринчи кўрсатиб, шундан кейин уни исботлаб бериш учун тасвирга олинган.  

Бироқ Руслан Матраимов йўл маҳаллий ҳукуматнинг рухсати билан тўсилганини билдирган. У йўлга «машиналари билан наркоманлар келиб, притонга айланиб кетгани учун» дарвозагина ўрнатишганини қўшимча қилган. 

«Тинмай Матраимовларгина дейишади, Матраимовлар ҳақида кўп гаплар бўлиб кетмоқда. Бизни эл юртга монстр қилиб кўрсатишмоқда. Биз ундай оила эмасмиз. Биз халол топган пулларимизга уй қуриб, яхши оиладан чиққан инсонларнинг болалари бўлиб ҳисобланамиз», — деган у.

«Азаттык» операторига ҳужум

Айбек Кулчумановга 28-сентябрь куни Ўшда ҳужум қилишган. У Матраимовлар оиласининг фаолияти бўйича навбатдаги суриштирув учун видео олиб, дронни бошқариб турган. Номаълум шаҳслар ундан дроннинг бошқарув пультини, 1,5 млн сомлик видео ускуналарни ва ҳужжатларини тортиб олган. 

Улар техникани кейинчалик қайтариб беришни ваъда қилишиб, ўша куни кечки пайт барини милициянинг маҳаллий бўлинмасига олиб келиб, Кулчумановни «ҳусусий мулкка рухсатсиз киришда» айлаб унга қарши ариза ёзишган. Ўш милициясидан кейинчалик билдирилишича, Кулчумановга ҳужум қилганлар — Матраимовлар оиласининг «яқинлари».

«Азаттык»нинг таҳририяти воқеани сўз эркинлигига қаршилик деб атади. Радиода аввал ишлаган парламент депутатлари Жанар Акаев ва Аида Касималиева «воқеани пухта текширишга» чақиришди. Парламентнинг матбуот котиби Адилет Султаналиев ҳукумат операторнинг калтакланиши бўйича «хавотирланаётганини», аммо воқеа тафсилотларини тергов аниқлашини билдирган. 

                          Ҳаммуаллифлар: Элвира Султанмурат қизи, Кайрат Замирбеков