Ўшда «Азаттык» журналистларининг техникаси тортиб олинди. Ҳужум қилганлар Матраимовларнинг одамлари бўлиши мумкин

523

«Азаттык» радиосининг журналистлари 28-сентябрда эрталаб таҳминан соат 7ларда Ўшда божхона хизмати  раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг уйидан 200 метр узоқликда лавҳа учун видео тасвирга олишган. 

Нашрнинг расмий билдирувига кўра, дрон билан шаҳарни тасвирга олиш вақтида номаълум шахслар пайдо бўлиб «Азаттык»нинг тасвирчиси Айбек Кулчумановга «Райимбек Матраимовни тасвирга олишга ким топшириқ берди?» деб савол берган.

Кейинчалик улардан бири тасвирчини қучоқлаб туриб қўлидаги дроннинг пультини ва телефонини юлиб олган. Шундан кейин яна икки киши келиб машинадаги штатив билан видеокамерани олиб кетишган. Сўнгра яна бир киши келиб Кулчумановни сўроққа тутган. Мазкур воқеадан кейин дрон йўқолиб кетган. «Азаттык» радиоси жами 1,5 млн сомдан ортиқ зарар келтирилганини хабар қилди.

Кулчуманов таҳририят билан соат 11:00 атрофидагина боғлана олган. Ўшанда «Азаттык»нинг маҳаллий журналисти Идирис Исаков Қорасув туманининг ҳокими Тилек Матраимовга қўнғироқ қилган. «Клооп»га берган интервьюсида Исаков Матраимов техник жиҳозларни қайтариб беришни ваъда қилганини билдирди.

Операторга ҳужум қилган шахслар милицияга келиб ариза ёзгани билдирилди. Улар «Азаттык»нинг дрони тушиб кетиб бировнинг бошини ёрганини билдиришган. Ускуналарнинг ярмини милицияга олиб келишиб ишга илова қилишган.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан билдирилишича, мазкур воқеа бўйича уч кишидан ариза келиб тушган. Биринчи аризани тонгги соат 8да Ўш шаҳрини Супаналиев кўчасининг турғуни ёзган. У уйининг устидан учиб ўтган дрондан норози бўлиб, милициядан видео тасвирга олиш билан опрератор турар жой яшовчиларининг шаҳсий ҳаётига аралашаётганини, унга нисбатан қонун доирасида чора кўришни илтимос қилган.

Шундан кейин ҳуқуқ тартибот органларига «Азаттык»нинг тасвирчиси Айбек Кулчуманов мурожаат қилган. Кечка яқин соат таҳминан 8ларда милицияга дрондан танасига жароҳат олганини айтган турғун ариза ёзган. «Азаттык»нинг маълумоти бўйича айни соатда милицияга уларнинг ускуналарини олиб келишган.

Воқеа бўйича Ўш ШИИБси «Бир гуруҳ томонидан йирик қийматдаги талончилик» деган асосда жиноят ишини қўзғади.