Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари чегарадаги можаролар юзасидан музокаралар олиб боришмоқда

485

Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедқали Абилгазиев ва Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода 17 сентябрь куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида учрашди.

Икки мамлакатнинг ҳукумат раҳбарлари чегара ҳудудларидаги кескинликни камайтириш ғоясини қўллаб-қувватладилар, шунингдек, чегараларни делимитация ҳамда демаркация қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

«Томонлар икки ўлка халқларининг манфаатлари учун чегара ҳудудларидаги кескинликни бартараф қилиш ва вазиятни мураккаблаштиришга олиб келмаслик учун чораларни қабул қилиш бўйича умумий фикрларини билдиришди», - деб айтилади Қирғизистон ҳукуматининг маълумотида.

Шунингдек ҳукумат раҳбарлари маҳаллий ҳокимият ва икки давлат чегарачиларига маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтиришни топширишди.

16 сентябрь куни кечқурун Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашган. Отишма натижасида бир қирғиз аскари ҳалок бўлган, яна 13 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ўнга яқин ярадорлар 17 сентябрь куни Бишкекка келтирилган.

Қирғизистон ва Тожикистон содир бўлган воқеаларда бир-бирларини айблашди. Тожикистон томони 12 кишининг яраланганини хабар қилди, кейинчалик эса тожик ОАВлари тўқнашувда уч тожикистонлик аскар ҳалок бўлганини айтишди.