Қирғизистоннинг Максат қишлоғининг 750 дан ортиқ аҳолиси чегарадаги можаролар туфайли уйларини тарк этишди - оммавий ахборот воситалари

424

24.kg ахборот агентлиги Боткен вилоятидаги Лайлак туманинининг ҳокимиятига таяниб хабар беришича, қирғиз-тожик чегарасидаги вазият ёмонлашгани сабабли Максат қишлоғининг 752 нафар аҳолиси эвакуация қилинган.

«130 киши Эски оочу қишлоғининг мактабларига жойлаштирилди. Ҳозирда Максат аҳолиси вазиятнинг оғирлашгани туфайли уйларини ташлаб келишмоқда», - деб ёзади нашр маҳаллий расмийлардан иқтибос келтирган ҳолда.

Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакиллигининг матбуот хизматидан «Клооп»га билдирилишича, ҳукумат расмий эвакуация ишларини олиб бормаган.

«Биз томондан эвакуация бўйича ишлар расмий турда олиб борилмаган. Воқеа содир бўлган 16 сентябрь куни кечқурун, ўз хавфсизлиги учун қўшни қишлоқларга, қариндошларининг олдига борган одамлар бор эди», - дея билдирди матбуот хизмати.

Аввалроқ ҳукуматнинг вилоятдаги мухтор вакилининг матбуот котиби Чолпон Бердигулова «Азаттык»қа касалхоналар ва мактаблар одатдаги тартибда ишлаётганини айтган.

16 сентябрь куни кечқурун Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашган. Отишма натижасида бир қирғиз аскари ҳалок бўлган, яна 13 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ўнга яқин ярадорлар 17 сентябрь куни Бишкекка келтирилган.

Қирғизистон ва Тожикистон содир бўлган воқеаларда бир-бирларини айблашди. Тожикистон томони 12 кишининг яраланганини хабар қилди, кейинчалик эса тожик ОАВлари тўқнашувда уч тожикистонлик аскар ҳалок бўлганини айтишди.