Президент қирғиз-тожик чегарасидаги вазият боис кенгаш ўтказди

502

17 сентябрь куни Президент Сооронбай Жээнбеков Президент девони раҳбари Досали Эсеналиев, Хавфсизлик кенгаши котиби Дамир Сагинбаев, ташқи ишлар вазири Чингиз Азиз Айдарбеков ва Президент девонининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиқов билан учрашди.

Жеээбековга Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасидаги вазият ҳақида маълумот беришди. Давлат раҳбари можаро бошланган пайтдан бошлаб «тезкор маълумот» олиб турганини билдириб, вазият бундан нари кескинлашмаслиши кераклигини қўшимча қилди. У маҳаллий аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб боришни буюрди.

«Вазиятни тартибга солиш халқаро ҳуқуқлар доирасида ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан музокаралар давомида бир неча бор белгиланган аввал эришилган келишувларнинг доирасида амалга оширилиши керак», - деди у.
Шунингдек, давлат раҳбари ҳалок бўлган аскар Равшан Мўминовнинг оиласига ҳамдардлик билдирди.

16 сентябрь куни кечқурун Лайлак туманидаги Максат қишлоғи яқинида қирғиз-тожик чегарасида отишма содир бўлган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 13 киши жабрланган.

Қирғизистон чегара хизматига кўра, тожик томони биринчи бўлиб қурол ишлатган. Бироқ, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати қирғиз ҳарбийлари биринчи бўлиб ўқ узганини айтди. Тожикистон томонига кўра, 12 киши жароҳат олган.

Тожикистоннинг Asia-Plus нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб, уч нафар тожикистонлик ҳарбий хизматчининг ўлганини хабар қилган.