Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро қурбонлари самолёт билан Бишкекка олиб кетилган

483

Боткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасидаги отишма сабабли ярадор бўлган ўн киши 17 сентябрда ҳарбий транспорт самолётида Бишкекка юборилган. Чегара хизматига кўра, улар шаҳар касалхоналарида даволанади.

Улар 16 сентябрь куни кечқурун Лайлак туманидаги Максат қишлоғи яқинида рўй берган отишма натижасида жабрланганлар.

Ҳукуматнинг вилоятдаги ваколатчилигининг матбуот котиби Чолпон Бердиқулова «Азаттык»қа билдирганидек, жанжал боис маҳаллий турғунлар эвакуация қилинмаган. Унинг айтишича, мактаблар ва касалхоналар кундалик тартибда ишламоқда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, можаро натижасида бир киши ҳалок бўлган, яна 13 киши жароҳатланган, улардан учтасининг аҳволи оғир. Тожикистон расмийлари 12 кишининг яраланганини хабар қилишди.

Тожикистоннинг Asia-Plus нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб, уч нафар тожикистонлик ҳарбий хизматчининг ўлганини хабар қилган.

Қирғизистон чегара хизматига кўра, тожик томони биринчи бўлиб қурол ишлатган. Бироқ, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати қирғиз ҳарбийлари биринчи бўлиб ўқ узганини айтган.