Турсунбек Акун Қўй-Тош воқеасини текшириш бўйича комиссиядан кетди

548

Собиқ ҳақиқатчи Турсунбек Акун 7-8-августларда Қўй-Тош қишлоғида бўлган воқеаларни текшириш бўйича комиссия таркибидан чиқиб кетди. Шу кунлари спецназ ҳамда милиция собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг уйини штурмга олган эди. Штурм вақтида бир спецназ вафот этган, 100га яқин киши жароҳат олган.

Акун бундай қарорни ўз ихтиёри билан қабул қилган. Шунингдек унинг номи «кўп йилдан бери Азиз Батукаевнинг ишига алоқадор деб айтиб келинган» ва бу «унинг холислигидан гумон санашга» сабаб бўлишини билдирди. Акун ҳам Бутукаевнинг бўшатилиши билан боғлиқ иш  бўйича гувоҳ сифатида ўтмоқда.

«Бундан ташқари, “Батукаевнинг ишида Атамбаев айбдор” деб биринчи мен айтиб чиққанман. У бўлса мени айбламоқда. Бу иш судга ўтиб, суд қарор чиқармагунича мен комиссия ишига аралашсам нотўғри бўлиб қолади», — деди Акун.

Аввалроқ фаол Рита Карасартова Акун комиссия таркибидан чиқиши кераклигини айтган, сабаби у «Батукаевнинг озодликка чиқишига ёрдам берган» деб билдирган.

«Турсунбек Акун ҳуқуқ ҳимоячи бўлгани билан унинг манфаати бор», — деди у.

Қўй-Тош воқеасини текшириш бўйича комиссия 29-августда ҳукумат бошчиси Мухаммедкалий Абилгазиевнинг топшириғи билан тузилган. Унинг доирасига биринчи вице-премьер-министр Жениш Раззаков тайинланиб, таркибига етти депутат, Хавфсизлик кенгашининг аъзолари, жамоат тадбиркорлари ва экспертлар кирган.

Криминал авторитет Азиз Батукаев 2013-йили қамоқдан бўшатилгандан сўнг тезда Қирғизистондан Россияга учиб кетган. Батукаевнинг бўшатилиши оқибатида Турсунбек Акун ҳақиқатчи хизматидан кетган.

2019-йилнинг баҳорида ҳукумат Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиши тўғрисида ишни жонлантирган. Тергов пайтида бир неча собиқ амалдорлар сўроқ қилинган ва уй қамоғига олинган: собиқ вице-премьер Шамил Атаханов, собиқ  соғлиқни сақлаш министри Динара Сагинбаева, собиқ бош прокурор Аида Салянова ва Индира Жолдубаева. Тергов улардан ташқари Батукаевни бўшатилишига алоқаси бўлган яна бошқаларни ҳам сўроққа чақирган.

Криминал авторитетнинг ноқонуний бўшатилишига собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам айблана бошлаган. Бу Атамбаевни собиқ президентлик ва даҳлсизлик мақомидан ажратишга, бундан кейин қўлга олишга бирдан бир сабаб бўлган.

Муаллиф: Камила Баймуратова