Ҳукумат футболчиларнинг Осиё Кубогидаги муваффақияти боис спорт мураббийларининг маошини кўпайтирди

468
Иллюстратив сурат. Сурат: Гульжан Турдубаева / RFE / RL

Премьер-министр Мухаммедкалий Абилгазиев 1500 мураббий ва спорт муассасаларининг 400 ходимларининг меҳнат ҳақини кўпайтиришни топширди. Мураббийларнинг маошлари 50 фоизга, спорт ходимлариники эса 20 фоизга ортирилади.

Ҳукумат маошларни «спортни ривожлантиришда катта ўзгариш қилингани» учун кўпайтиришга қарор қилган. Айниқса Қирғизистон терма жамоа фуболчиларининг 2019 йилдаги Осиё Кубогида ҳамда қирғиз спортчиларининг 2018 йилдаги Осиё ўйинларидаги муваффақиятлари ҳисобга олинган.

«Бу меҳнатни баҳолаб, Қирғизистон ҳукумати мураббийларни ва спортчиларни халқаро аренада юқори спорт натижаларига эришишга илҳомлантиришга йўналтирилган қарор қабул қилди», — деб билдирди ҳукуматнинг матбуот хизмати.

Премьер-министрнинг матбуот котиби Адилет Султаналиев меҳнат ҳақларини ортириш 2019 йилнинг апрель ойидан бошланган деб «Клооп»нинг журналистига билдирди.

«Бари ҳисобланиб, уларга 2019 йилнинг апрелидан бошлаб олиши керак бўлган қўшимча пул тўлаб берилади. Ундан кейин улар кўпайтирилган маош ола бошлашади [...] Менимча, [маошларни] кўпайтириш учун 100 млн сомдан ортиқ маблағ керак», — деб тушунтирди Султаналиев.

У Қирғизистондаги спорт ходимларининг ўртача ойлик маошини айтгани йўқ, аммо ҳар бир мураббийнинг маоши меҳнат тажрибасига боғлиқ бўлишини қўшимча қилди.