«Учкун» босмахонаси битирувчиларнинг ҳужжатларида яна хато қилди

434

Қирғиз давлат тиббиёт академиясининг (ҚДТА) битиувчиси Kaktus Media нашрига маълум қилишича, университет дипломларини имловий хатолар билан чоп этишган. Қирғиз тилидаги илова варағида «Окууга кирди» (“Ўқишга кирди”) дейиш ўрнига «Окуугу кирди» деб ёзилган.

600га яқин битирувчи хатоси бор диплом олган. Уларнинг айтишича, йўл қўйилган хато уларга ўқишни давом эттириш учун хорижий давлатларнинг ОЎЮларига топширишни қийинлаштириши мумкин.

Дипломдаги хатонинг сурати. Сурат: Kaktus Media

«Мен Санк-Петербургда ординатурага топширмоқчиман. У ерга ҳужжатларни 20-июлгача топшириш керак. Чипта сотиб олиб, учиб кетишни режалаштираётган эдим, аммо дипломдаги хато сабабли нима қилишимни билмаяпман», — деб айтган ҚДТАнинг битирувчиси.

ҚДТАнинг ўқув бўйича проректори Эркин Алимбаевнинг айтишича, дипломни босиб чиқарувчи «Учкун» босмахонаси хатоларни ўз ҳисобидан тузатишни ваъда қилган.

«Чет элга топшираётган битирувчиларга боғлиқ масала индивидуал тартибда хал қилинади — уларнинг дипломлари бир сутканинг ичида алмаштириб берилади. Улар дарҳол талабалар кадр бўлимига мурожаат қилиши керак», — деб билдирди Алимбаев.

«Учкун» босмахонаси ўқишни якунлаш ҳақидаги ҳужжатларда биринчи марта хато қилаётгани йўқ. Июль ойида мактаб битирувчиларига турли хатолари бор бўлган 95 минг аттестатлар топширилган.

Йўл қўйилган хатолар сабаб финпол «Тижорий ташкилотларда ваколатини суистеъмол қилиш» моддаси бўйича судгача текширув ишларини бошлаган. «Учкун» босмахонасининг директори Даир Кенекеев типографиянинг айбини тан олиб, бунинг учун тўрт ходим ишдан олинганини билдирган.