Парламент Атамбаевни собиқ президент мақомидан ва даҳлсизликдан ажратди

492

Жогорку Кенешнинг депутатлари 27-июнда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевдан собиқ президент мақомини олишни ва даҳлсизликдан ажратишни қўллади. Мазкур қарорга 103 депутат розилигини бериб, олти нафари қарши овоз берди.

Собиқ президент депутатлар уни даҳлсизликдан ажратиш бўйича масалани хал қилаётганда парламентда бўлгани йўқ. Аммо парламентда Атамбаевни чақириш кераклигини унинг сафдоши ва ҚСДПнинг ҳозирги етакчиси Асел Кодуранова бир неча бор айтган.

Парламентарийлар Бош прокуратуранинг хулосасини қўллаб беришди. Назорат органи 25-июнда Атамбаев давлат раҳбарининг вазифаларини бажараётган вақтда жиноятнинг белгиларини аниқлаган.

Энди Қирғизистонда собиқ президент мақомини олиб юрган биргина Роза Отунбаева қолди. У давлатни 2010 йилдаги апрель революциясидан кейин бошқарган. Отунбаева 2011 йилгача президент бўлган.

Асосан Атамбаевни Бишкек ИЭМни янгилашдаги коррупция, ерларни ноқонуний олиш, криминал авторитет Азиз Батукавнинг ноқонуний бўшатилиши, ИЭМга ноқонуний кўмир етказишга алоқадорлик эҳтимоли ва компанияларни аффилирлаш билан эгаллаб олиш бўйича айблашмоқда.

Юрист Замир Жоошев «Клооп»га берган интервьюсида билдиришича, депутатлар қарор қабул қилиш билан конституциянинг нормасини бузишган, бу бўйича унинг низомларига қарама-қарши келган қонунлар қўлланилмаслиги керак.

«Агар судда жиноят ишини кўриш вақтида конституциялик палатага сўров жўнатилган бўлса, у ҳолда суд текшируви тўхтатилади. Парламент конституциялик палата, мазкур процедура конституцияга лойиқ нормами ёки йўқми деган қарорни чиқаргунга қадар [Атамбаевни даҳлсизликдан ажратишни] тўхтатиб турилиши тўғрирорқ бўлар эди», — деди Жоошев.

Унинг айтишича, агар конституциялик палата Атамбаевни даҳлсизликдан ажратиш бўйича нормани конституциялик эмас деб топса, у ҳолда парламентнинг барча ишлари қуруқ бўлиб қолади.

Атамбаевни даҳлсизлигидан ажратиш агар шу жиноятлар бўйича унинг айби исботланса, у жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эканини билдиради.

«Абсурд ва сафсата»

Атамбаев ўзига қўйилган айбларни «абусрд ва сафсата» деб атаган.

Атамбаевнинг ҚСДПдаги тарафдорлари ҳам собиқ президентнинг номига айтилган айбларни ноқонуний дейишиб, у Қирғизистондан ҳеч қаерга кетмаслигини билдиришган.

Сооронбай Жээнбеков Атамбаевдан собиқ президент ва даҳлсизлик мақомини олиш бўйича парламентнинг харакатларига бирор марта ҳам жамоатчиликка изоҳ бермаган.

Атамбаевни даҳлсизликдан ажратиш қарорини қабул олиниши асносида собиқ президентнинг Қўй-Тошдаги уйининг ёнига халқ тўпланиб, уни ҳимоя қилишга тайёр турганини айтишган. Атамбаевнинг қароргоҳи ёнига бетон тўсиқлари ўрнатилиб, тошлар тўкилган.

Бу Атамбаевнинг Жээнбеков билан келишмовчилигининг оқибати бўлиб қолди. Сиёсатчилар ўртасидаги низо 2018 йилнинг мартида бошланган. Ўша вақтда Атамбаев сиёсатга қайтаётганини расмий эълон қилиб, давомчисини коррупцияга қарши самарасиз курашмоқда деб танқид қилган.