Бош прокурор Батукаев Атамбаевга қарши кўрсатма берди деб янглиш айтиб олганини билдирди

400

Бош прокурор Откурбек Жамшитов 27-июнда парламентнинг йиғинида криминал авторитет Азиз Батукаев  собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қарши кўрсатма берганини айтан. Кейинчалик бош прокурор Атахановнинг кўрсатмасини Батукаевники деб адашиб айтиб юборганини билдирди.

Бош прокурор билдиришича, Атамбаевнинг топширмаси билан собиқ вице-премьер-министр Шамил Атаханов ҳуқуқ тартибот ва суд органлари билан олдиндан сўзлашиб олиб Батукаевни бўшатиш ишининг устида ишлаган.

«Собиқ президент Атамбаев Батукаев уюшган жиноий гуруҳнинг лидери, қонундаги ўғри номига эга эканлигига, жамоатчиликка ва давлатга ўзгача қўрқинч яратишига қарамай, уни жазо ўташ жойидан ноқонуний бўшатишга қарор қилган», — деди бош прокурор.

Жамшитов депутатларга Атамбаевга қарши беш айб бўйича айблов хулосасини ўқиб бермоқда. Парламент 27-июнда собиқ президентни жавобга тортиш учун даҳлсизликдан ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Депутатлар комиссияси Атамбаевни 2013 йили Батукаевнинг бўшатилишини шахсан назорат қилган деб айбламоқда. Криминал авторитет бўшатилгандан кейин дарҳол Қирғизистондан Россияга учиб кетган.

Атамбаев ўзи Азиз Батукаевни қайта ўтказиб бериш илтимоси билан Россиянинг президенти Владимир Путинга бир неча бор мурожаат қилганини билдирган. Шунингдек собиқ президент охирги билдирувида «Батукаев бор ҳақиқатни эркакчасига айтиб беради деб ўйлайман» деб айтган.

Бунга қадар ИИВ Батукаевнинг бўшатилиш иши бўйича собиқ вице-премьер-министр Шамил Атаханов Атамбаевга қарши кўрсатма берганини маълум қилган. Атамбаев мазкур кўрсатмалар Атахановдан «босим остида олинганини» билдирган.

Батукаевнинг бўшатилиши

Норин шаҳар суди криминал авторитет Азиз Батукаевни 2013 йили «жиддий лейкоз» ташҳиси сабаб қамоқдан бўшатган. Кейинчалик тиббий справка сохта экани аниқланган. Аммо ўша вақтда Батукаев ўлкадан чиқиб кетишга улгурган.

Батукаев бир қатор моддалар, жумладан оммавий тартибсизликларни уюштириш ва қуролларни ноқонуний сақлаш бўйича 16 йилу 8 ойга озодликдан ажратилган.

Ҳукумат Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиши бўйича текширувни 2019 йили қайта бошлаган. Бу иш бўйича шифокорлар, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, собиқ вице-премьер-министр Шамил Атаханов ҳамда собиқ бош прокурор Аида Салянова қўлга олинган. Сагинбаева ҳамда Атаханов уй қамоғига чиқарилган.