Махсус хизмат президентнинг маслаҳатчиси Догоевни тергов қилди

562
Дастан Догоев. Сурат: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

МҲДК президентнинг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси ва Давлат рўйхатга олиш хизматининг собиқ раҳбари Дастан Догоевни 8-майда тергов қилди. Унинг адвокати Бакит Осмоналиев Догоев биометрик паспортларни сотиб олиш иши бўйича гувоҳ қатори сўроқ қилинганини билдирди.

«Дастан Догоевнинг хорижий паспортларни сотиб олиш тендерига ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деди адвокат.

Аввалроқ Kaktus.Media нашри ўз маълумот манбаларига таяниб МҲДК Давлат рўйхатга олиш хизматининг собиқ раҳбарини қўлга олди деб ёзиб чиққан.

Аммо МҲДКнинг матбуот хизматидан «Клооп»га Догоевнинг қўлга олиниши бўйича маълумотни рад этишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Татту Мамбеталиева «Клооп»га билдиришича, 8-май куни соат 11да МҲДКнинг икки ходими Догоевнинг иш кабинетига келиб, уни олиб кетишган. Бир неча соатдан кейин Догоев турмуш ўртоғи билан алоқага чиқиб, тезда адвокат топишини илтимос қилган.

Дастан Догоев Давлат рўйхатга олиш хизматининг раҳбарлигидан 2018 йили февралда кетган. Шундан кейин у президент Сооронбай Жээнбековнинг рақамлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлай бошлаган.

Догоевнинг қўлга олиниш эҳтимоли электрон паспортларни тайёрлаш бўйича тортишувлар ортидан бўлди. Хорижий электрон паспортлар учун талаблар ишлаб чиқилаётган вақтда Догоев ДРХни бошқариб турган.

Баҳсли тендер

Давлат рўйхатга олиш хизмати 2018 йили октябрда янги турдаги биометрик ёки умум фуқаролик паспортларининг бланкларини тайёрлашга тендер эълон қилган. ДРХ бланкларни тайёрлаш қийматини 1,2 млрд сомга баҳолаган. Тендерга беш компания, икки немис,  француз, Литва ҳамда қозоқ компаниялари қатнашган.

Паспортларни тайёрлаш бўйича хизматлар қийматининг энг кам миқдорини, 686 млн сомни Mühlbauer ID Services GMBH номли немис компанияси таклиф қилган.

Тендер комиссияси уч компаниянинг аризасини  квалификация талабларига жавоб бермайди деб рад қилиб, икки компанияни, аниқроғи ўз хизмати учун 940 млн сом таклиф қилган Литванинг Garsu Pasaulis компаниясини ҳамда ўз хизматини 948 млн сомга баҳолаган IDEMIA француз компаниясини танлаб олган.

Комиссия тендер ғолиби қилиб Garsu Pasaulis компаниясини танлаган. Шундан кейин немис Mühlbauer ID Services GMBH ҳамда Франциянинг IDEMIA France компаниялари тендер ўтказиш вақтидаги қоида бузарликлар ҳақида айтиб чиқишган.