Бурулайнинг иши: Суд уч милиционерга жарима солиб, иккисини оқлади

490
9-апрелда ўтган суд йиғини. Скриншот: «Азаттык»

Чуй вилоятининг Аламудун туман суди 19 ёшдаги Бурулай Турдали қизининг ўлимига сабаб бўлган воқеада уч милиционерни масъулиятсизлик моддаси билан айбдор деб топди. Патрул милициянинг икки ходими оқланди.

«Илич Иманалиев, Эржан Кадишев, Мирлан Макеев “Масъулиятсизлик” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, ҳар бири 260 минг сомдан [давлат фойдасига] жаримага тортилсин ва улардан жабрланувчи Кожоналиевнинг фойдасига [Бурулайнинг отаси] 100 минг сом ундирилсин», — деб ўқиди ҳукмни судья.

Суд патрул милициянинг икки ходими Замир Байтереков ва Замир Айткожоевни оқлади, чунки марҳум қизнинг отаси уларга даъво қилишдан бош тортган.

«Байтереков ва Айткожоевнинг жиноий иши жабрланувчи Кожоналиев билан келишувга боргани учун тўхтатилсин, улардан ҳеч қаерга кетмаслик ҳақдаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб олинсин», — деди судья.

Одам ўлдириш бўйича ишда беш милиционер айбланган. Тергов уларнинг масъулиятсизлиги Бурулайнинг ўлимига олиб келди деб ҳисоблаган.

Прокурор Адилет Шигаев 29-март куни суд йиғинида айбланувчиларнинг ҳар бирини беш йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраб, уларнинг айби «тўлиқ далилланди» деб билдирган.

Милиционерлар ўзларининг охирги сўзларида судьядан уларни оқлашни ва одил ҳукм чиқаришни сўрашган.

Айбланувчиларнинг адвокати суд ишни қўшимча текширувга жўнатиш керак деб ҳисоблаган.

Шунингдек марҳумнинг отаси Турдали Кожоналиев қизи ўлдирилган куни милиция бўлимида 11 ходим бўлганига қарамай жиноий жавобгарлигига беш нафаригина тортилаётганини айтган. Унинг айтишича, тергов тарафидан айбланаётган патрул милицияни икки ходимининг Бурулайнинг ўлимига алоқаси йўқ.

Жамоатчиликда шов-шув бўлган Бурулай Турдали қизининг ўлими 2018 йили 27-майда милиция бўлимида содир бўлган. Марҳум қизнинг ўлими бўйича ишни президент Сооронбай Жээнбеков шахсий назоратига олган.

Тергов фаразига кўра, Бурулайни ўша куни уйланиш мақсадида дўсти билан олиб қочган Марс Бодошов ўлдирган. Бодошов қизнинг ўлими бўйича айбдор деб топилиб, 2018 йили декабрда 20 йилга ҳукм қилинган.

Шунингдек 23 милиционер жавлбгарликка тортилган. Уларнинг ичидан айримлари бўшатилиб, яна бошқаларига қаттиқ ҳайфсан берилиб, айримларига синов муддатлари берилган.