Ўшда ёқилғи қуйиш шаҳобчасидан ёнғин чиқиб, бир киши жабрланди

508
Ёнаётган ёқилғи қуйиш жойи. Гувоҳлар тасвирга олган сурат

Ўш шаҳрининг Қурманжан Датқа кичик туманидаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидан бирида ёнғин чиқди. Тилсиз ёв 22:10да чекланганини ФҲВдан билдиришди. Ёнғиндан бир киши жабрланиб, у касалхонага етказилган — унинг вазияти «оғир барқарор» деб баҳоланмоқда.

Маълумот соат 23:17да янгиланди

Фавқулотда ҳолатлар вазирлигининг Ўш шаҳар бошқармаси берган маълумотга кўра, ёнғин Қурманжан датқа кичик туманининг Петров кўчасида жойлашган «Октан сервис» ёқилғи шаҳобчасида чиққан Уни чеклаш учун деярлик икки соатга яқин вақт кетган.

«Ёнғин ҳақида маълумот 20:16да тушган. Ёнғинни ўчиришга жами 7 бўлим жалб қилинган. Ёнғин 22:10да чекловга олинган, уни тўлиқ ўчириш ишлари давом этмоқда», — деб билдиришди ФҲВнинг ахборот хизматидан.

Вазирликдан ёнғиннинг оқибатида ёқилғи шаҳобчасининг 59 ёшдаги ходимнинг бадани куйганини тасдиқлашди. У вилоят касалхонасига ётқизилган — аҳволи«оғир барқарор» деб баҳоланмоқда.

Шаҳар мэри Таалайбек Сарибашов жабрланган фуқародан хабар олиб, бемор табибларнинг доимий назоратида бўлишини билдирди. Мэриянинг маълумотига кўра, шаҳардаги ёқилғи шаҳобчаларининг хавфсизлиги текширилади.

Шаҳобча ёнидаги кўп қаватли уйларнинг яшовчиларидан бири Нурия Маткаримова қаттиқ чиққан овоздан чўчиб набиралари билан ташқарига югуриб чиққанини айтади.

«Набираларим билан ўтирган эдим. Бир маҳалда “гум” деган товуш чиқди. Ташқарига югуриб чиқдик. Худо сақлади. Кечаси юз берганда ёшлар, болалар жабрланиб қолар эди. Бундай [ёқилқи шаҳобчаларини] тақиқлаш керак», — дейди Маткаримова.

Воқеа жойида Ўш шаҳар милициясининг теўкор гуруҳи ҳам иш олиб бормоқда. Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум.