Олов ва жимжитлик. Қайғу, ғийбат ва ёнғиндан ҳалок бўлган оила тақдири

587
Даниль Усмановнинг «Клооп» учун сурати

Қор қоплаган тоғ билан мусулмонлар қабристонига қараб чиқаётган эдик. Унинг четроғида на исми на санаси ёзилмаган янги қабр турибди. Фақатгина қўшни деворда эркак кишининг курткаси ва кир қўқопи илиниб турар эди.

Бу қабр узун қилиб қазилган, унда бирдан ортиқ киши дафн қилингани сезилиб турибди.

Атрофда қор устида оёқ кийимларининг излари қолган. Бир кун аввал шомдан аввал бу ерга  Мээрим ҳамда унинг болалари Егор ва Максим дафн қилинган. Улар ўзларининг омборхонасида ёнғиндан ҳалок бўлишган.

12-февраль куни соат 15:13да ўт ўчириш хизматига Таш-Добо қишлоғида чиққан ёнғин ҳақида билдирув тушди. Дастлаб маҳаллий қишлоқ кенгаши яқинида жойлашган уйнинг омборхонасида ёнғин чиққан деб тушди. Зудлик билан тарқаб келаётган ўтни қўшнилар деразалардан  кўриб қолишган. Ўш вақтда ёнғин гаражга, ундан кейин қуриб битказилмаган ҳаммомга ўтиб кетган эди.

Ўт ўчириш машинаси келгунга қадар қўшнилар тилсиз ёвни 23 дақиқа бўйича ўз кучлари билан сўндиришга харакат қилишган: қўлма-қўл сув ташиб, сув қувурларини тортиб, қор сочиб. Улар ўт ўз уйларига ўтиб кетишидан хавотирланишган.

Айни вақтда Мээрим ва унинг икки фарзанди ёнаётганини ҳеч ким билмаган. Айрим таҳминларга кўра бу омборхонани икки болани онасининг ўзи ёқққан.

Наташа исмли фуқаро тушга яқин Мээримни учратганда, у ўз уйини томонга қўлида бензин қўйилган кичик канистрни кўтариб бораётганини сезган. Орадан бир неча соат ўтгандан кейиноқ омборхона ёна бошлаган. Қўшнилар Мээрим ўзига ва болаларига ухлатувчи каби дори-дармон ичирган кейин ухлаб қолишган деб гумон қилишмоқда. Ўт ўчириш вақтида омборхонадан бирорта ҳам овоз чиқмаган.

Мээрим ва унинг фарзандларининг қабри. Даниль Усмановнинг «Клооп» учун сурати

Ўт ўчирувчилар Мээрим ва уни фарзандларининг деярлик тўлиқ куйиб битган таналарини темирнинг остидан топишган.

«Биз жасадларни ёпиб қўйиб, дарҳол милиция чақирдик. Шу билан ишимиз туган эди», — деди Таш-Добога чақирув бўйича келган ўт ўчирувчи Жанибек.

Мээрим 33 ёшда бўлган. У қуюқ қора сочили, кўзлари порлаб турган аёл эди. Кўзларининг ёнига ажин туша бошлаган. Унинг катта фарзанди тўққиз, кичиги Максим эса бир ёшу уч ойлик эди. Улар юзларида доимо табассум бўлган сариқ сочли болалар бўлган. Оиланинг эркатойлари.  Уларнинг оилавий суратини фожеа юз берган куннинг эртасига ўрнатилган бўз уйнинг устига ёпилган бола ёпинчиғига илиб қўйишган. Уларнинг бириди Егор кадр ташқарисида қолган бировга алахсиб кетган укасининг қўлини ғамхўрлик билан ушлаб турганини кшриш мумкин.

Ёнғин чиққан куннинг тонги одатдагидек бошланган. Мээримнинг турмуш ўртоғи Игорь эра билан ишига — тегирмонга кетган. Қайта қайтиб келса уйида ўт ўчирувчилар ишлаётганини кўрган. У уйнинг эшигини очмоқчи бўлган, лекин эшик ёпиқ бўлган. Игорь аёли билан фарзандларини излаб, улар унга айтмай бир ерга кетиб қолган бўлса керак деб умид қилган, чунки охирги вақтда Мээрим Бишкекка ишлари билан тез-тез қатнаб турар эди.

Лекин бу сафар у ҳеч қаёққа кетмаган.

Ўша тунни Игорь нима бўлганни тўлиқ англамай, кўз ёш билан ўтказади. «Мени уларнинг ёнига кўмиб қўйинглар», — деб қўшниларига йиғлади. Улар бундан бўшашиб,  Игорь ҳам ўзини ўзи ўлдириб қўйиши мумкин деб шивирлаша бошлашди. Игорь охирги ойда аёли билан умуман уришмаганини айтиб берди. Уларда ҳаммаси жойида бўлгандек.

Уй ҳовлисида ёнидаги юнглари бир оз куйиб кетган ит югуриб юрибди. Даниль Усмановнинг «Клооп» учун сурати

Таъзия куни Игорь дўстлари билан машинада ўтирди — бир бошқача тинч, дунёдан кечган кишидай кўринди. Игорнинг ўй-ҳаёлини ва сония сайин Мээрим нима учун бундай қилганини ўйлаётганини синглиси Юлиягина ҳис қилади. Синглисидан бошқа уни деярлик ҳеч ким тушуна олмайди — Игорь соқов бўлиб туғилган, у қўл ишоралари ва қисқа товушлар билангина гаплаша олади. Мээримнинг бир қулоғигина эшитар эди, лекин уларнинг болалари одатдагидек гаплашиб, эшита олишар эди.

Уйнинг ҳовлисида устидаги юнглари бир оз куйиб кетган қора ит югуриб юради. У қўрққанидан бегоналарга хурмайди ҳам. Ёнғиннинг ёлғиз гувоҳи бўлган итни фожеадан кейин зўрға уйнинг узоқ бир бурчагидан топишган.

Уйнинг дарвозаси кенг ояилган. Унинг ёнида темир ва тахталардан ясалган ўтирғичларда қишлоқ оқсоқоллари ўтиришибди. Уйнинг ёнида эса 20га яқин одам туриб олиб, воқеани муҳокама қилишмоқда. Уларнинг кўпчилиги фожеа бўлган куни йўқ бўлганига қарамай ҳар бирида Мээрим нима учун бундай қилгани ҳақида ўз фаразлари бор.

«Ўт чиққунча у жуда хафа бўлиб юрганини эшитганман. У шунча йил ҳаммасига чидаб юриб, энди шундай қилиб сабри тугади», — деб маҳаллийлардан бири айтиб берди.

Мээримнинг қариндошлари бунинг барида унинг қайнонаси Светланани айблашади: у келинига доим тазйиқ кўрсатиб, калтаклаб омборхонада яша деб қувиб чиққан дейишади.

«Йиғлаб-сиқтаб, менга СМС ёзарди. Хатто мен Света рпага қўнғироқ қилиб, “уларга тегманг” деь ҳам айтганман. Мээрим охирги вақтларда қайнонасидан кўп шикоят қиларди, бунинг барини [унинг қариндошлари] тасдиқлаб бера олишади», — деб айтиб берди журналистларга Мээримнинг опаси Ақилай.

Омборхона ва гаражнинг қора деворлари юз берган воқеани хали кўп вақт эслатиб туради. Даниль Усмановнинг «Клооп» учун сурати

Игорь, унинг синглиси Юлия ҳамда уларнинг онаси Светлана ҳамма журналистлардан қочиб юришди. Гап Мээрим ва унинг қайнонаси ўртасидаги муомалага тақалганда, Юлия опасини айблаган журналистлардан жаҳлланиб, Мээрим ва Игорь фарзандлари билан яшаган хонани кўрсатиш учун журналистларга уй ичида экскурсия ҳам ўтказиб берди. Қишлоқдаги миш-мишларга таянсак, Светлана жанжалдан кейин уларни омборхонада ухлашга мажбур қилган. У ерда қопларга солинган ахлатлар сақланар эди.

Кароватлари ва болаларнинг ўйинчоқлари бор шинам хона, шкафда Егорнинг кийимлари саранжом илиниб турибди.Уларнинг ичидан Егорнинг намунали мактаб формаси кўзга алоҳида ташланади, гул туваклари ёнида эса Максимнинг ходуноги турибди.

«Ҳар бир оилада жанжал бўлиб туради, бизникида ҳам бўлди, лекин ҳеч қачон бундай нарса бўлмаган. Мээрим Игорь иккиси деярлик 12 йил бирга бўлишди. Уни шу вазиятга онам олиб келди деган турли миш-мишлар айтиляпти, лекин бундай эмас», — дейди Юлия.

Мээрим ҳақидаги миш-мишлар қишлоққа тез тарқаб кетди. Кимлардир кўчада калтак еб юрарди дейишса, бошқалари Светлана уларни оиласининг пулини тортиб оларди дейишарди, айримлари эса Мээрим вафот этгунча ҳомиладор бўлганини айтишади.

Даниль Усмановнинг «Клооп» учун сурати

Аммо уларнинг қўшниси Айгул опа охирги вақтда оиладаги жанжалнинг ҳеч қандай белгиларини сезмаганини айтади. Мээримни ОАВлар «ақли жойида эмас» деб айтишаётгани билан уни оз бўла ҳам билганлар Мээрим  яхши одам эди деб тасвирлашади. Милиция тергов ишларини тугатгани йўқ, лекин ўз-ўзини ўлдириш фарази ўрганилмоқда, чунки Мээримни бир канистр бензин билан кўришган эди. Бу воқеадан кейин бензин сотувчи дўконлар ўз ишларини тўхтатиб, шунчаки «бензин йўқ» деб қўл силташади.

Уйга машиналар бирининг ортидан бири узайиб келиб турди  — бирида қариндошлари, иккинчисида журналистлар. Журналистларни Юлия кутиб олиб, камерага интервью беравериб ёд бўлиб қолган гапларини такрорлаб турди. Аммо юз берган воқеа бўйича ўз онаси ва акасига савол беришни умуман тақиқлашди.

Лекин Игорь билан гаплашиш мен учун бусиз ҳам имконсиз — қишлоқда бирорта ҳам сурдо таржимон йўқ ва мени у ҳамда дўстлари билан гаплашишга қилган харакатимдан фойда чиқмади. Улар мени эшитишмайди, мен эса уларнинг қўл ишораларини тушунмайман. Ўзимни ноқулай ҳис қилиб турдим.

Игорь (ўнгда кўк қалпоқда) аёли билан болалари дафн қилинган куннинг эртаси. Даниль Усмановнинг «Клооп» учун сурати

Ёнғин чиққан кундан бир ҳафта ўтиб Игорнинг аҳволини сўрай деб келсам уйда йўқ экан. Унга бари ҳалок бўлган оиласини хотирлатиб ёки эслатган ерда юриш қийин, шу сабабдан у бир неча кунга дўстлариникига кетганини айтишди. Мээрим ҳақида ҳар бир хотира унга қайғу олиб келади.

Юля акаси билан онасини қараш учун онасининг уйида қолган. Энди у уйнинг каттаси. Миш-мишлар кўпайиб кетгани сабаб Юля одамларнинг оғзидан тушмаган аҳмақона гапларни тингламаслик учун уйдаги интернетни ўчириб қўйган.

«Мен исботлайвериб чарчадим. Бундан кейин эплаб бўлса ҳам яшаб, Игорни оёққа турғизиб кетамиз. У ёлғиз эмас, мен борман, онаси бор», — деб уйига кириб кетди Юля. Куйган ерлар эплаб йиғиштирилган, лекин омборхона ва гаражнинг қора деворлари бу воқеани яна кўпгача эслатиб туради.