Ўзган районининг 30 нафардан ортиқ турғуни «Аманбанк»нинг Куршаб қишлоғидаги омонат кассасига «солган пулларини» қайтариб ололмаяпти. Қуршобликлар банкка берган омонатининг умумий қиймати 13 млн сомга яқин.
2018-йилнинг куз ойларида Қуршоб қишлоғининг турғунлари «Аманбанк»ка солган пулларидан айрилиб қоганини айтишди. Шу кунга қадар қуршобликлар банкдан бирор тайинли жавоболишгани йўқ. Уларнинг норозилик акциялари ва ҳукумат вакилларига йўллаган мурожаатлари ҳам ҳозирча жавобсиз қолмоқда.
Минара Мирзаева банкка қўйган пулини ололмаётганлардан бири. У сўнгги 15 йилда Россияда ишлаган. Ёлғиз она қийналиб топган маблағини ўша ерда туриб Қуршобдаги «Аманбанк»нинг ҳисобига ўтказиб турганини айтади.
Тўплаган маблағига турар-жой сотиб олмоқчи бўлган, ўтган йили сентябрь ойида ватанига қайтиб келган Мирзаева «Аманбанк»нинг Қуршобдаги идорасига мурожаат қилганда унинг ҳеч қандай ҳисоби ҳам, маблағи ҳам йўқ бўлиб чиққан. Банкка пул қўйганини тасдиқловчи қоғозларини кўрсатганига қарамай ҳеч қандай натижа чиқмаган. У тўплаган бир миллион сомга яқин пули йўқ бўлаётганини айтмоқда.
Бу орада Мирзаеванинг аҳволига тушган ҳамқишлоқлари ҳам чиқа бошлайди. Пулларидан ажралиб қолган қуршобликлар тўпланиб, «Аманбанк»нинг Бишкекдаги бош идорасигача бориб келишган.
«Аманбанк»нинг бош идорасидагилар Қуршобдаги мижозларининг муроджаатига нима деб жавоб бергани аниқ эмас. Турғунлар икки хил гапиришмоқда: бири банк пулни қайтариб берар экан деса, бошқалари ўн йилгача фоизсиз кредит бераркан деб айтмоқда. «Шу куни 2-октябрь бўлган эди. ундан бери қанча вақт ўтди, ваъда бажарилмади. Бизни ёш боладай алдаб келишяпти», — деб норози бўлди Мирзаева.
Унинг ҳам қишлоғи, 49 ёшдаги Динара Турдубаева ҳам «Аманбанк»нинг Қуршобдаги кассасидан ҳисоб очиб, Россияда ишлаган фарзандларининг пулларини тўплаб юрган экан. Бу ҳисобга у 2011-2014-йиллар оралиғида 900 минг сом, яна 6 минг 500 долларга яқин пул солганини, аммо банк уни бермаётганини айтмоқда.
«Аманбанк» нима дейди?
«Аманбанк» директори Нурбек Абировнинг билдиришича, Қуршобдаги омонат кассасининг раҳбари Жениш Абдиқадировнинг устидан 2018-йилнинг июль ойидаёқ элдан шикоят туша бошлаган. Хизмат текшируви натижасида Абдиқадировнинг «ноқонуний ҳаракатлари» аниқланиб, у эгаллаган лавозимидан бўшатилган.
Сентябрь ойидан бошлаб унинг устидан норозилигини билдирганларнинг сони кўпая бошлаган. Уларнинг орасида Қуршоб қишлоғининг турғунлари Минара ва Динара опалар ҳам бор.
«Жабрланувчилар пулларини Абдиқадировнин уйига олиб бориб, масжидда учрашиб бериб ва Россиядан унинг номига ўтказиб туришгани маълум бўлди», — деб тушунтирди «Аманбанк» директори.
Шу сабаб банкнинг умумий базасидан шикоят қилиб келган 30га яқин кишининг беш нафаринигина шахсий маълумотлари депозит рўйхатидан чиққан. Энди банк алданган мижозларга имтиёзли ва узоқ муддатли кредит беришни таклиф қилмоқда.
«Аҳолининг ўзлари рози бўлиб, гаров масаласи хал бўлса, у ҳолда банк имтиёзли, узоқ муддатли кредит беришга тайёр. Лекин айни вақтгача кредит олиш аризаси билан ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Молия полицияси ишни текшириб бўлса, унинг натижасига кўра кўриб чиқилувчи масалалар ҳам бор. Қонун доирасида иш олиб боряпмиз», — деб билдирди Абиров.
Унинг қўшимча қилишича, «Аманбанк»нинг Қуршобдаги филиали 2008 йилдан бери депозитларни қабул қилганига қарамай 2014 йилдан бошлаб Миллий банкнинг назорат тизими киргизилгани асосида омонатларни қабул қилишни тўхтатган.
Молия полицияси банк ходимига жиноий иш қўзғади
Молия полицияси «Аманбанк»нинг Қуршобдаги омонат кассасининг раҳбари Женишбек Абдиқадировга қарши «лавозимини суистеъмол қилиш» ҳамда «талон-тарож» моддалари билан 2018 йилнинг 18-сентябрида жиноят ишини қўзғаган. Ҳозирда Абдиқадиров вақтинчалик сақлаш жойида.
«Ҳисоб кассанинг етакчиси фуқароларнинг ишончига кириб, депозитларни очиш йўли билан 13 млн сомдан ортиқ маблағни шахсий эҳтиёжига сарфлаганлиги аниқланди. Етакчи сохта омонат китобчасини ҳамда қалбаки шартнома варағини ясаб, турғунларнинг маблағини ўзига ўтказиб олган. Шу билан мазкур маблағларни банк кассасига солмаган», — деб билдирди «Клооп»га Молия полициясининг матбуот котиби Анастасия Пискур.
Идорадан билдирилишича, «Аманбанк»дан жабрланганини айтганлар дастлаб 30дан ортиқ бўлган бўлса, ҳозирги кунда шикоятчиарнинг сони ўсишда давом этмоқда. Пискур текширув ишлари якунига етиб қолганини, яқин орада муассаса ишни судга ўтказиб беришини қўшимча қилди.
Қуршобликларнинг омонати қачон қайтарилиши ноаниқ
Миллий банк «Аманбанк»нинг Қуршобдаги омонат кассасининг фаолиятини 2018 йилнинг ноябрида текширувга олган. Унинг натижасида бирор чора кўрилиб-кўрилмаганини банкдан аниқ айтишгани йўқ. Қирғизистоннинг бош банки молия полицияси текширув натижасини чиқарса, юзага келган вазият бўйича Қирғизистон қонунларига кўра чоралар кўрилишини билдиради.
Омонатларни ҳимоя қилиш агентлигидан «Клооп»га тушунтиришларича, қонун бўйича ҳар бир омонатчига (устама фоизларни қўшганда) 200 минг сомдан ошмаган бадал тўлаб берилади. Аммо бу қонун Миллий банк қайси бир банкнинг лицензиясини ўз ташаббуси билан ёки мажбурий чақириб олганда ҳамда банк банкрот деб топилгандагина ишлайди.
Шу сабабдан қуршоблик омонатчиларнинг маблағлари қачон ва қандай шартарда қайтарилиши номаълумлигича қолмоқда.
Пуллар кассага тушгани исботанса, қайтарилади
«Прецедент» юридик компаниянинг юристи Фатима Якупбаеванинг айтишича, шартноа сохта тузилган бўлса ҳам, агарда турғунларда пуллари кассага тушгани бўйича квитинациялари бўлса, бу далил бўла олади. Чет элдан пул ўтказганлиги бўйича ҳужжатлар эса «пул банк депозити ҳисобида турибди деганини англатмайди».
Юристнинг қўшимча қилишича, агар банк ходимининг айби исботланса, жабрланувчилар унинг мулкига талабгор бўла олишади. Аммо бунинг учун «Аманбанк»нинг устидан ёзилган ариза етарсиз. Банкнинг омонат кассасининг ўша вақтдаги раҳбарининг устидан шикоят қилиш лозим.
Мақола эълон қилинишидан олдин «Клооп» мухбирининг судланаётган Абдиқадировнинг адвокати билан боғланишга бўлган харакатидан натижа чиқмаган.
Ҳозирги кунда пулларидан ажраб қолган қуршобликлар Молия полициясидан «адолатли қарор» кутишмоқда. Агарда уларнинг манфаатларига қарор чиқарилмаса, турғунлар Ўшдан Бишкекка пиёда юриш уюштириб, Оқ уйнинг олдида очлик эълон қилишларини айтмоқда.
Ҳаммуаллиф: Мээрим Калдарбекова
Муҳаррирлар: Элмурат Асан, Гулжан Эшбаева, Элвира Султанмурат қизи