20 йил ишламай турган «Кербен» аэропорти қайтадан хизмат кўрсата бошлайди

580
"Кербен" аэропорти.  Сурат: Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати

Жалолобод вилоятидаги «Кербен» ҳаво майдони май ойида очилмоқчи. Бир соатда 50 йўловчига хизмат кўрсатадиган аэропортнинг таъмирлаш ишларига умумий 11 млн сом сарфланиши кутилмоқда.

Жогорку Кенеш 2018-йилнинг 1-мартида «“Кербен” ҳаво майдонининг ишини яхшилаш» тўғрисида қонун лойиҳасини кўриб чиқиб қарор қабул қилган. Унга кўра июнь ойида Кербен шаҳридаги аэропортни таъмирлаш ишлари бошланган. Аэропорт ишини яхшилашни «Манас» халқаро аэропорти ишга оширмоқда.

«2018-йили аэропортнинг учиб-қўниш майдони ва авиабекати таъмирланди. Ҳозирда авиабекат майдонини кенгайтириш ишлари ўтказилмоқда», — деди «Манас» аэропортининг матбуот котиби Алия Курбанова.

«Кербен» аэропортининг раҳбари Мамбетали Исманалиев аэропорт Ахси, Олабуқа, Чотқол районларини ва Тош-Кўмир шаҳрининг аҳолига хизмат кўрсатишини айтади.

«Қишда, йўл ёпиқ вақтда 10-15 соатлаб йўл юрганларга яхши шароит бўлади», — деган Исманалиев аэропорт 2019-йилнинг май ойидан бошлаб ишлай бошлашини қўшимча қилди.

Ҳозирда аэропортда қандай рейслар бўлиши номаълум. Сабаби ҳаво майдони ишга туширилишида авиа компаниялар ўзлари таклиф қилиб, ундан сўнг уни авиация ва монополияни назорат қилиш агентликлари кўриб чиқиши керак.

«Кербен» аэропортига 1976-йили асос солинган, унда Кербен-Ўш ва Кербен-Бишкек рейслари ишлаган. 23 йилдан сўнг йўловчи йўқлиги сабабли аэропортни ёпишга мажбур бўлган.