Элтуйбасовни экстрадиция қилиш талаби. ИИМ ва бош прокуратура бир-бири билан баҳслашмоқда

513

ИИМ ва бош прокуратура АҚШ ҳукумати Қирғизистондан Камила Дуйшобаеванинг ўлими бўйича ишга алоқор экани айтилган Калибек Элтуйбасовни экстрадиция қилиш бўйича талаб олиб-олмагани ҳақида баҳс қилишмоқда. Муҳокаманинг асосий мазмунини айтиб берамиз.

Қисқача

  • 24-январда АҚШнинг миграция қонунларини бузганлиги учун собиқ бош прокурор Аида Салянованинг қариндоши Калибек Элтуйбасов қўлга олинган. Элтуйбасов бишкеклик Камила Дуйшобаеванинг ўлими бўйича ишнинг фигуранти сифатида кўрилмоқда. Бу иш 2014-йилдан бери очилмай келади.
  • ИИМ бош прокуратура АҚШ ҳукуматига Элтуйбасовни экстрадициялашга расмий талаб юборган деб таъкидламоқда.
  • Бош прокуратура ИИМнинг айтганларини рад қилмоқда. Уларнинг билдиришича, Элтуйбасовни экстрадиция қилиш тўғрисида АҚШ ҳукуматига ҳеч қандай талаб «жўнатилмаган».

Батафсил

ИИМ ва бош прокуратура ўртасидаги Калибек Элтуйбасовни экстрадиция қилиш талаби бўйича тортишув 5-февралда бўлди.

Барчаси ИИМнинг матбуот йиғинидан бошланди. Йиғинда ведомство министрининг ўринбосари Мирлан Каниметов ҳуқуқ тартибот органлари АҚШ ҳукуматидан Элтуйбасовни экстрадициялашни сўраган ва расмий талабни бош прокуратура тузганини билдирган.

«[Элтуйбасов] миграцион қонунни бузганлиги учун қамоққа олинган. Текширувлар юргизилганда у Интерпол орқали қидирувга берилгани аниқланган. Элтуйбасов тергов ҳаракатларига ҳалал бериш ва далилий ашъёларни йўқ қилишда айбланмоқда», — деб билдирган Каниметов матбуот йиғилишида.

Аммо ИИМ раҳбарининг ўринбосари айтганларига бош прокуратуранинг матбуот хизмати раддия эълон қилди. У ердан ведомство экстрадиция бўйича АҚШга талаб жўната олмаслигини, сабаби давлатлар ўртасида бу бўйича келишим йўқлигини «Клооп»нинг мухбирига билдирди.

ИИМнинг матбуот котиби Карима Аманкулова «Клооп»нинг мухбирига берган интервьюсида, ИИМнинг бош прокуратура билан бўлган тортишувларига нисбатан муносабатини «яқин орада» билдиришини ваъда қилган. Лекин бу интервьюдан сўнг Аманкулова билан алоқа қилиш имкони бўлмаган.

Калибек Элтуйбасов ва Дуйшобаевани ўлдирилиши бўйича иш

Бишкеклик Камила Дуйшобаева 2014-йили вафот этган. У бўйинбоғ билан бўғилган ва қизнинг жонсиз танаси шаҳар четидан топилган. Терговчилар 400дан ортиқ одамни сўроққа олган, бироқ ўлимга айбдорларни ҳозиргача топишмаган.

Сўроққа олинганларнинг бири собиқ бош прокурор Аида Салянованинг қариндоши Калибек Элтуйбасов бўлган. Дуйшобаева Салянова бош прокурорлик хизматида турган вақтда суиқасдга учраган.

Калибек Элтуйбасов бу иш бўйича гувоҳ сифатида келтирилган, аммо кейинроқ терговга ҳалал қилишда айбланиб, унга қидирув эълон қилган. У Қирғизистондан чиқиб, АҚШга кетиб қолган.

Элтуйбасов 24-январда АҚШда қўлга олинган— бу ҳақида айни шу куни Криминал милицияси хизматининг раҳбари маълум қилган.

Ҳаммуаллиф: Рустам Халимов