Маршрут транспортида, автобусларда ҳамда троллейбусларда юришнинг ҳақини икки сомга қимматлаши мумкин.
Бишкек мэрияси шаҳар кенгашига жамоат транспортида юриш ҳақини оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда 24-январда мэриянинг транспорт бўлими раҳбари Кубаничбек Жусупов матбуот анжуманида билдирди.
Агар шаҳар кенгаши бу таклифни қўлласа, у ҳолда кундузи маршрут таксиларида юриш тарифи 10 сомдан 12 сомга, тунда эса 12 сомдан 14 сомга қимматлаши мумкин. Автобуслар билан троллейбусларнинг йўл ҳақи эса саккиз сомдан 10 сомга қадар кўтарилиши мумкин.
Бишкекнинг автотранспорт ишхонасининг директори Нурлан Койчубаков автобуслар ва троллейбусларнинг йўловчилари йўл ҳақини 8 сомдан тўлай олишларини, аммо бунинг учун улар смарт-карталарни сотиб олишлари кераклигини «Спутник» нашрининг журналистларига тушунтириб берган.
«Биз шаҳарликлар смарт-карталарни фаол олишини истаймиз. Пуллар ҳайдовчиларнинг қўлига тушмаслиги учун нақд тўловларни имкон бўлишича қисқартиришни режалаштирмоқдамиз», — деб айтган Койчубаков.
Унинг айтишича, автобуслар ва троллейбусларда нақд бўлмаган пул билан ҳисоблашиш учун смарт-карталарни махсус савдо шаҳобчаларидан олса бўлади. Стандарт смарт-карталарни ҳужжатларсиз ҳам сотиб олиш мумкин бўлади.
Жамоат транспортида юришдаги нақд бўлмаган тўлов ҳақида нима маълум?
Шаҳар ҳокимиятининг ғояси бўйича, жамоат транспортида электрон чипта билан нақд бўлмаган ҳисоблашиш транспорт йиғимларини кўпайтиришга имкон беради, сабаби ҳозирги йўл кира ҳақини тўлаш тизими «уятсиз ҳайдовчиларга» ўз даромадларини яширишга имкон беради.
Мэриянинг матбуот хизматидан «Клооп»нинг мухбирига билдиришича, электрон чипта тизими дастлаб автобус ва троллейбурдагина ўрнатилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши 2019 йилнинг баҳор мавсумига режалаштирилмоқда, лекин унинг амалга оширилиши тендернинг натижаларига боғлиқ.
Бишкекнинг жамоат транспортида нақд бўлмаган ҳисоблашиш лойиҳаси бўйича тендер 2018 йилнинг ноябридаёқ ўтиши керак эди, лекин у бугунги кунгача ўтгани йўқ. Вице-мэр Максим Ситников тендернинг тўхтаб қолишига «тендернинг хужжатлари тўлиқланиши зарур бўлганлиги» сабаб эканини тушунтирди.
Арзон тарифлар учун маршрутка ҳайдовчиларининг иш ташлаши
Бишкекнинг маршрут таксиларнинг ҳайдовчилари юриш учун тарифнинг кўтарилишини кўпдан бери талаб қилиб келишади. 2018 йилнинг 2-апрелида иш ташлашга борганларининг бир сабаби ҳам шунда эди.
Натижада Бишкекда транспор коллапси бўлган эди. Маршрут таксиларнинг йўқлиги сабабли йўловчиларнинг кўпчилиги тўлиб қолган троллейбуслар ва автобусларга тушишга мажбур бўлишган.
Маршруткаларнинг ҳайдовчилари шаҳар ҳукумати 2012 йилдан бери юриш тарифини кўтармаётганидан норози бўлиб келишмоқда — бу муддат орасида бензинга ҳамда транспорт эҳтиёт қисмларига бўлган баҳо кўтарилган эди.
Ҳаммуаллиф: Эмил Султаналиев