Баткен: Қирғиз-тожик чегарасида қабристондаги бостирма важидан фикр келишмовчилиги чиқди

691
Қирғизистон чегарачилари. Сурат: Дастан Умотбай уулу / Kloop.kg

Баткеннинг чегарага яқин Қора-Боғ қишлоғининг аҳолиси билан Тожикистоннинг Лаккон қишлоғининг яшовчилари ўртасида фикр келишмовчилик чиқди. Тортишувга қирғизистонликларнинг аниқланмаган ҳудуддаги қабристонда турган бостирмаси сабаб бўлган  — ҳозирда аҳвол тинч.

Қирғизистоннинг Чегара хизматидан билдиришларича, 23-январда икки ўлка фуқаролари ўз ҳудудларида йиғилиб, бир-бирларига нисбатан норозиликларини билдиришган.

«Ўша ерда фақат тортишув бўлган холос. Вазият тинч, биз аҳволни назорат қилиб турамиз», — деди Чегара хизматининг матбуот котиби Гулмира Борубаева.

Қора-Боғ қишлоғининг турғуни Шамшидин Жарматов тортишув тожикистонликлар қирғизлар кўмилган қабристондаги бостирмани олиб ташлаш шартини қўйгани боис чиққанини «Клооп»нинг журналистларига тушунтириб берди.

«Бостирманинг қурилганига 2 йилга яқин бўлди. Уни ёғингарчиликда оқсоқоллар остидатуриб қуръон ўқисин деб ўрнатганмиз. Ўшани таъмир қилиб қўяйлик деб турсак, бизга қўшни тожик аҳолиси бостирмани олиб ташлаш талабини қўйишяпти. Бу қабристон азалдан ота-боболаримиз қўйилган ер ҳисобланади», — деди Жарматов.

Баткен районининг ҳоким ўринбосари Таалай Бадалов эса қабристон аниқланмаган ҳудудда жойлашганини айтди.

«2008 йили икки ўлка орасида қирғиз-тожик чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича комиссия тузилиб, чегарага 200 метр яқин оралиқда капитал қурилиш қилмаслик бўйича қарор чиқаришган. Бу ерда тожик тараф ўша таклифни айтишяпти. Биз уларга [бостирма] капитал қурилишга кирмайди енгил конструкция деб тушунтиряпмиз», — деди у.

Бадалов қирғизлар кўмилган қабристондаги бостирма масаласини ҳал қилиш учун 26-январда икки ўлка районларининг ҳокимлари учрашишини қўшимча қилди.

Маҳаллий ҳукуматдагиларнинг маълумоти бўйича, Қирғизистон тарафдан 60га яқини киши йиғилса, Тожикистондан ўттиз нафарга яқин киши чиққан. Икки томонлама сўзлашувларнинг куни келишилгандан кейин йиғилганлар тарқаб кетишган

Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегарасидаги келишмовчиликлар аниқланмаган ерлар сонининг кўплигидан вақти-вақти билан такрорланиб туради. Бу баҳслар Союз тарқагандан бери давом этиб келмоқда. Мамлакатлар халигача қайси карталар бўйича чегарани аниқлаш кераклигини келиша олишмаяпти

Муҳаррир: Элвира Султанмурат қизи