«“Дота”қанчалик муҳим ва керак эканини ўйлаб ўтирмайман». Маданият министри компьютер муобақаларини театрларда ўтказишни «тақиқлади»

609
Сурат: Beeline

19-январда Бишкекнинг Опера ва балет театрида «Дота 2» онлайн ўйини бўйича Қирғизистондаги илк мусобақа бўлиб ўтган. Бу тадбир Маданият министри Азамат Жаманкуловга ёқмай қолиб, у «бундай нарсаларни тақиқлайман» деб билдирган.

Жаманкуловнинг айтишича, Опера ва балет театри «Дота 2» каби киберспорт ўйинларининг турнирларини ўтказувчи ер эмас. У «бундан кейин энди бундай нарсаларни тақиқлайман» деб билдирган.

«Мен бу вазиятни текширтирдим. “Дота” қанчалик муҳим ва керак эканини ўйлаб ўтирмайман. Маданият идораларида маданий тадбирлари ўтказилиб туриши керак деб ҳисоблайман», — деб айтган министр 19-январда.

Жаманкулов «АКИпресс» нашрига берган интервьюсида айтишича, театрнинг директори Болотбек Осмонов бинони мусобақа ўтказишга бергани учун «жазоланади».

Осмонов эса Жаманкуловнинг фикрига қўшилмайди. У «Дота 2» бўйича киберспорт мусобақаси — бу интеллектуал ўйин деб ҳисоблайди. «Биз келишувга қўл қўйдик, ажара ҳақига 180 минг сом тўлашди. Бундай мусобақа Қирғизистонда биринчи марта ўтказиляпти. Бу шунчаки ўйин эмас, интеллектуал ўйинларга алоқадор ўйин», — деган театрнинг директори.

Қирғизистон учун «Дота 2» бўйича илк чемпионатни «Билайн» мобил оператори 19-январда Опера ва балет театрининг биносида уюштирган. Бу тадбирда соврин фонди 1 млн сомни ташкил қилган чемпионатнинг финали ўтган.

«Билайн»нинг бренд менежери Бакит Айтбаев «Спутник»нинг журналистларига тушунтиришича, кибертурнирнинг ташкилотчилари Опера ва балет театрини «талабларга мос» келгани учун танлашган.

«Қанча киши йиға олишимизга, кўрувчиларга қанчалик қулай бўлишига мослаштирганмиз. Шу сабабдан театрдаги каби ўтирғизиш муҳим эди», — деб таъкидлаган Айтбаев.

Мусобақада «No.Lifer5» командаси ғолиб бўлиб, унинг ўйинчилари 500 минг сомни қўлга киритишган.

Нима учун бу ҳақда гапира бошлашган?

Компьютер ўйини бўйича турнир театр биносида ўтказилганидан норози бўлган қирғиз ОАВлари насиҳатомуз тарзда ёзиб чиқишгандан кейин «Дота» бўйича киберспорт мусобақаси ҳукуматдагиларнинг эътиборини тортган.

Бари театр солисти Таир Бейшеев чемпионат бўлган куни тасвирга олиб эълон қилган видео сабаб бошланиб кетган. Видеода у киберспорт мусобақаси ўтказишни «даҳшатли тадбир» деб атаган.

«Қирғизистоннинг бош сахнасида нима бўлаётганини айтишга оғзим ҳам бормаяпти… Қирғизистоннинг буюк ўғиллари ва қизлари чиқиб юрган сахнада “Дота” деб аталган даҳшатли бир тадбир ўтяпти», — деб айтган у ўз видеосида.

Кейинроқ, «Апрель» телеканали материалида «Биз қайга қараб кетяпмиз?» деган иборани қўлланиб, видеосида опера қўшиқчиси Элнура Самарбекованинг сўзларидан иқтибос келтирган: «Мен хайрон бўлиб турибман! Айтингларчи қардошлар, буюк санъат даргоҳида қомпьютер ўйинлари яхши ишми?»

«Дота 2» дегани нима?

«Дота» — бу дунё юзида 10 миллиондан ортиқ киши ўйнаган онлайн-стратегия. Қоидалари оддий: беш кишидан иборат икки жамоа рақибларнинг базасини йўқ қилиш бўйича синашишади. Қоида бўйича ўйин 20 дақиқадан 60 дақиқагача чўзилади.

Ўйинчининг ўз «рейтинги» бўлади: ютган ўйин учун у таҳминан 25 фоизга ўсади, юқазган матч учун камаяди. Дунёда энг кучли ўйинчиларнинг рейтинги — 9000 балл ва ундан ҳам юқори.

Ҳар йили бир марта «Дота» бўйича The International чемпионати ўтади. 2017 йили унинг соврин фонди 24 миллион долларни тузиб, унинг 10 миллионини ғолиблар олишган.

Қирғизистонда «Дота» ўйнаган бир неча профессионал ўйинчи бор, уларнинг ичидан энг таниқлилари — бу Бакит «ZayaC» Эмилжанов билан Евгений «Blizzy» Ри. Евгений Ри «Дота 2» ўйини бўйича Natus Vincere (Na’Vi) деган дунё чемпиони бўлган жамоанинг асосий таркибига қабул қилиниб, кучли ўйинчилар қаторини тўлиқлаган.