Келдибеков Атамбаевни ҳамда унинг «Апрель» телеканалини судга берди

726

Акматбек Келдибеков, Азимбек Бекназаров ҳамда Кенешбек Дуйшобаев собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ва унинг «Апрель» телеканалини судга берди. Даъвонинг умумий қиймати  — 18 млн сом, судга беришга эса Атамбаевнинг «Апрель» телеканалига берган интервьюси сабаб бўлган.

Парламентнинг  собиқ спикери Акматбек Келдибеков, Муваққат ҳукуматнинг собиқ раисасининг ўринбосари Азибек Бекназаров ҳамда МҲДКнинг собиқ етакчиси Кенешбек Дуйшобаев  аввалги президент Алмазбек Атамбаевни ва унга тегишли «Апрель» телеканалини судга берди. Даъвонинг қиймати — 18 млн сом. Бу ҳақда «Апрель» телеканалининг директори Дмитрий Ложников фейсбук саҳифасида билдирган.

«Келдибеков рекорд қўймоқда. Бекназаров ҳамда Дуйшобаев деган ўртоқлари билан бирга яна бир ОАВга қарши даъво қўйди», — деб ёзган журналист. Унинг қўшимча қилишича, сиёсатчилар Атамбаев билан телеканалдан 9 млн сомдан талаб қилишмоқда.

Келдибек Атамбаевни судга беришини 14-декабрда NUR TV каналига берган интервьюсида айтган.

«Ўзининг чиқишида у инсон қадр-қимматини ерга урди. Ўз шаънимни ҳимоя қилиш мақсадида мен уни судга бераман. Агар у ўзининг сўзларини судда исботлай олмаса, уни жавобгарликка тортишларини талаб қиламан», -деб айтган ўшанда экс-спикер.

Атамбаев 10-декабрда «Апрель» телеканалига берган интервьюсида Келдибековни коррупция бўйича айбланган.

«Давлат хизматларида ишлаб юриб мультимиллионер бўлишган айни Келдибековлар ва Тулеевлар “Атамбаевни қамаш керак” деб бақиришмоқда. Кимни қамаш керак? Давлатдан ўғирлаб миллионер бўлганларними ёки ўз меҳнати билан ота-боболарининг ерида уй қурганларними?», — деб айтган собиқ президент.

Бу Келдибековнинг ОАВларга қўйган биринчи даъвоси эмас. Декабрда Келдибеков Kyrgyztoday.kg янгиликлар сайтини судга бериб, 1 млн сом (14 минг долларга яқин) даъво қилган эди. Сиёсатчининг фикрича, нашрда эълон қилинган мақола унинг қадр-қиммати ва шаънига зарар етказган.

Келдибеков октябрь сўнгида «Азия Ньюс» газетасининг бош муҳаррири Аслан Сартбаевга қарши суд процессини енгиб олган. Бишкекнинг Октябрь район суди ҳукмига кўра Сартбаевни Келдибековга 2 млн сом тўлаб бериши керак бўлган.

2015 йили суд Келдибековни «Лавозимини суистеъмол қилиш» моддаси бўйича айбдор деб топган. Сиёсатчи давлатга 10 млн сом жарима тўлашга мажбур бўлган. Шунингдек, у коррупция моддаси бўйича ҳам айбланган, аммо кейинчалик оқланган.

Акматбек Келдибеков турли вақтларда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Президент Асқар Ақаев даврида у Ижтимоий фондни бошқарган. Бакиев даврида эса Солиқ хизматини етаклаган. 2010 йилдан бошлаб 2011 йилнинг декабрига қадар эса парламент спикери бўлган.

Алмазбек Атамбаев ҳам журналистлар билан судлашган. 2017 йили ёўда Бош прокуратура унинг қадр-қийматини ҳимоя қилиб, «Заноза» ва «Азаттык» нашрларига қарши даъво очган. Натижада  «Азаттык»қа қарши даъво чақиртирилиб олиниб, суд эса «Заноза» билан ҳуқуқ ҳимоячиси Чолпон Жакуповани Атамбаевга жами 30 млн сом тўлаб беришни юклаган. Лекин 2018 йили майда Атамбаев уларга қўйган моддий даъволаридан воз кечган.

Собиқ президент «Апрелга» берган интервьюсида журналистларни судга бериб «нотўғри қилганини» ҳамда «эмоцияга берилиб» қўйганини айтган. Бундан ташқари, Атамбаев ҳозир журналистларга қарши даъволарни «ҳақиқатни ёзганларнинг оғзини ёпиш» мақсадида қўлланаётганини қўшимча қилган.