«Касбимни, келажагимни ўзим танлай олмайман»

802
Иллюстратив сурат

Қирғизистон ёшларининг орасида мактабни битиб-битмай туриб турмуш йўлига отланганлар, меҳнат миграциясига йўл олганлар кўп. Мутахассисларнинг айтишича, ёшлар буни доим ҳам ўз истак ва хоҳишлари билан эмас, оиласининг ёки жамоатчиликнинг  «босими» сабаб қилишади. «Клооп»нинг мухбири Хамидулло Узақов ўз мақсадларини амалга оширолмай қолган Ўш вилоятининг ўзбек ёшларирининг ҳикояларини тўплади.

Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилди.

«Ота-онам мени ўқишга эмас, турмушга тайёрлаяпти»

Гулсанам, 11-синфда ўқийди, Ўш шаҳри

Иллюстратив сурат

Ҳозирча қайси олийгоҳга ўқишга топширишни тўлиқ ҳал қилмадим. Банкда ишлагим келади, адвокат ҳам бўлишни истардим. Нимагадир адвокат бўлиб ишлашни кўпроқ хоҳлайман. Инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиласан, қонунларни биласан.

Кўпинча бизнинг ўзбек халқи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишмайди ёки бошқаларга тенглашмай деб қўрқади. Шу сабабдан адвокат бўлгим келади.

Олий таълим олишимга акам изн бермайди. У «Қиз боласан, кўчада озроқ юр. Қиз бола адвокат бўлса бўлмайди. Нима қиласан вақт кетказиб?» дейди.

Яна оиламдагиларнинг ўқишга кирган қизлар алданиб ёки «турли йўлларга» кириб кетади деган бошқача ўйлари ҳам бор. Онам эса «ундан кўра сиртдан ўқиганинг яхши, турмушга чиққанингда ишлатишмаса, унда билимингнинг фойдаси тегмайди» деб айтади.

Ўқийман деб тушунтириб кўрдим онамга, лекин унчалик ҳам натижа бўлмади.«Кўчада, ташқарида юриш қизларга тўғри келмайди» деган сўзларни эшитавериб, уйимдагиларга айтгим ҳам келмай қолган.

Ҳозир чеварчиликни, пазандачиликни ўрганяпман. Ота-онам бу ҳунарларни ўрганишимга қарши эмас, аксинча ўрганишга ундашади.

Аслида ота-онам эрта турмуш қуришган. Онам ўқитувчи бўлганига қарамай олий таълим олишим кераклигини кўп ҳам қўлламайди. Ўзи ўзбек тилидан дарс беради. «Мана, ишлаган соатим оз, эрта яқин бу дарслар ҳам қолмайди» деб айтади.

Уйдагилар «давлат ишхонасида сенга ўрин беришмайди» деб кўп айтганига қарамай мен олий таълим олиб ишлагим келаверади.

Ота-онам кўнмаса, у ҳолда бобом орқали кўндираман деб ўйланиб турибман. Бобом «бухгалтер бўласан!» деган. Чунки ўзи ҳам ҳисобчи бўлиб ишлаган. «Олдин ўзим ишлаган жойларга киргизиб қўяман, ишлайверасан!» деб айтган.

Менга совчилар кела бошлаган эди, шу сабабдан мени турмушга беришни ўйланишяпти. Бу ҳам мени ўқитмасликнинг бир йўлиб бўлиб қолди шекилли.

«Қизим 20-21 ёшида турмушга чиқиши керак»

Абдурахим, 45 ёшда, Аравон райони

Иллюстратив сурат

Бир қиз бир ўғлим бор. Қизим икки йил олдин мактабни тугатган, ўғлим бу йил 11-синф. Қизим 20да, ўғлим яқинда 17га тўлади.

Қизимга 11-синфидаёқ совчилар кела бошлаган эди, кейин қудага бўлиб қўйганмиз. Насиб қилса, бу йил қизимнинг тўйини қиламиз. Ўғлим мактабда ўқияпти. Ўғлим иккимиз ишлаб, опасини куёвга беришга харакат қиляпмиз.

Қизимга кўп ердан совчи келди. Охири онамга яқин бўлган қариндошларга берадиган бўлдик. Қизим розилик бергандан кейин унаштириб қўйдик. «Мактабни тугатсин, бир оз вақт ўтсин, кейин тўй қиламиз» деб айтдим. Мана шундан бери икки йил ўтди. Энди ёзда тўй ўтказамиз, насиб қилса.

Қиз боланинг сиртга чиқиб ўқиши бир оз нотўғри деб ўйлайман. Қизлар уй ишларини қилгани яхши, ўқитганим билан эри ишлатмай қўяди-да. Энди биз, эркаклар, қизғонамиз, кейин аёл кишининг ташқарида ишлаши бизга тўғри келмай қолади.

Ўғил болалар 23 ёшдан кейин, ҳаётда бир касбга эга бўлиб, ҳаёт қийинчиликларини кўриб, пул топиш оғир эканини билгандан кейин уйланса бўлаверади. Қиз болалар 20-21 ёшларда турмушга чиқиши керак.

Қизим энди турмуш ўртоғи билан бахтли бўлса бўлди бу ҳаётда.

Ҳозирча ўғлим ўқийман демаяпти. 7-синфидан бошлаб мендан устачиликни ўраниб катта бўлди. Ўтган ёзги таътилда мен билан баробар пул топди. Ҳозир евротаъмирни яхши қилади.

Ўзим устаман: уй қуришдан бошлаб евротаъмиргача қиламан. Ўзимизнинг жамоамиз бор. Ўғлим, мен яна икки дўстим ҳамда укам бўлиб устачилик қиламиз. Иш кўп бўлиб қолганда улар бригадага ўғилларини қўшишади. Топган пулни барчамиз баробар бўламиз.

Иш билан бўлиб ўғлим ўқишни хоҳламаса ҳам керак. Чунки яхши пул топяпти, хунари бор. Шароитим унчалик ҳам яхши эмас, лекин харакат қилиб ўғлимни ўқитишга кучим етади.

Ҳозир сартарошликка қизиқяпти. Бир дўстининг акаси Россияда салон ишлатяпти. Ўша ерга бормоқчи. Мен ҳам шунга кўниб турибман: устачилик қилиб кийими кир бўлмай, Россияда иссиқ ерда озода ишлайди, кейин енгил пул топади.

Хунари бўлса яшаб кетади. Энди ризқини Оллоҳ беради. Мана мен ҳам устачилик билан пул топиб шу фарзандларимни катта қилдим.

Бир-икки ҳафталик иш бўлиб қолса, ўғлим мактабдан рухсат сўраб мен билан ишга чиқаверади. Баъзан мактабдан келиб мен билан ишлайди. Баъзида шифокордан справка ёздириб бериб қўямиз. Мактабда ўқитувчилари ўғлимни қандай ўқитади билмайман. Опаси мақтов ёрлиқларини олиб келар эди, ўғлим ҳеч нарса олмаган.

Ўғлим ўзи ўқийман деб, ўзи харакат қилиши керак. «Дада, мен ўқийман» деб харакат қилса ёрдам ҳам бераман, шароит ҳам яратиб бераман. «Тилни ўрган, эртага Россияга борсанг қийналмай ишлайсан» десам қулоқ ҳам солмайди, ўрганмайди ҳам.

«Ота-онамга ўқишни исташимни айтдим, лекин улар тушунишмади»

Шахло, 21 ёшда, Аравон райони

Иллюстратив сурат

Мен тиббиёт факультетига киришни орзу қилиб, шунга харакат қилиб ўқир эдим. Лекин оиламдагилар шифокор бўлишимга рухсат беришмаган. Бувим «ҳозир ҳамширалар кўп, турмушга чиққандан кейин ишлашингга рухсат беришмайди, ўқитувчилик яхши касб» деб унамай қўйган. Умум республика тестидан (УРТ) ҳам балим 110га етмай қолиб, бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш учун коллежга топширдим.

Ҳозир энди ўқиган билан қишлоқда ўқитувчиларга ва ҳамшираларгагина иш бор-да. Бошқа касбга ўқисак ҳам, масалан, шаҳардагина иш топиш мумкин. Лекин бошқа касбларни биз ёқдагилар тушунишмайди ҳам, тўғри қабул қилишмайди ҳам.

УРТдан ўта олмай қолганимда оиламдагилар «яна бир йил кутиб вақтни ўтказмасдан коллежга топшириб қўя қол, икки йил ўқиганинг етади. Уни битиргандан кейин университетга сиртдан топшириб қўясан, сени турмушга узатамиз» деб атйишган.

Ҳозир коллежда ўқиганларнинг бари «икки йил ўқиб олсам бўлди» деган фикрла. Кейинчалик билимни яна ошираман деганлар жуда оз. Масалан, бизнинг гуруҳда 24 қиз бўлса, уларнинг 6-7 нафаригина ўз истаги билан кирган. Қолгани ота-онасини ёки бошқа қариндошларининг истаги билан топширишганини ўзлари менга айтиб беришган.

Ҳозир коллежни тугатдик, 24 қиздан тўрттасигина олий таълимни давом эттиришмоқда, кўпчилиги турмушга чиқиб кетишди, қолганлари ўқишни ташлаб юборишди.

Уйимдагилар «ўқиш-ўқиш деб юравермай, вақтни ўтказмай турмушга чиқ» дейишяпти. Улар ҳозир турмушга чиқиш ёши 18-20гача деб ўйлашади. Ундан ёгим ўтиб кетса «бу қизнинг бир айби бор, ўтириб қолди» деб одамларнинг гапиришидан ота-онам қўрқади.

Уйимдагиларга ўқигим келаётганини айтдим, лекин мени тушунишмади. Улар «умринг ўтиб кетяпти» деб жавоб беришди. Уларнинг фикрича, мен ҳозир ўқийдиган ёшда эмас, турмушга чиқадиган ёшдаман.

Кейин ўзбошимчалик билан, уйимдагиларга айтмай ўтган йили Ўш шаҳрида ижарада яшовчи дугоналаримнинг ёнига кетиб қолдим. Отам «олиб кетаман» деб келди. «Мени ўқитсанглар кейин бораман» деб шарт қўйдим.

Уйга борганимда ота-онам «одамлар энди нима дейди, қўй ундай қилма!» деб яна қарши бўлаверишди. «Нима, одамларга ҳисоб беришинглар керакми? Йўқ, ўқийман!» деб туриб олдим. Кейин онам «ёзгача ўқийверсин, кейин турмушга берамиз» деб айтди.

«Ўқитувчилар ўқувчи қизларнинг қўлини сўрашади»

Дилором, 44 ёшда, Қорасув райони

Иллюстратив сурат

Икки ўғлим ва бир қизим бор. Икки ўғлим мактабни тугатган, қизим ҳозир 11-синфда ўқийди. Ўғилларим олий таълим олишмаган. Устачиликни ўрганиб, Россияда ишлашади. Устачиликдан ҳам яхши пул топишмоқда. Ўқимай қолгани ёмон ҳам бўлмаган шекилли.

Қизим ўқиши керак. Лекин 4-5 йил ўқита олмаймиз. Икки йил билим олгандан кейин ўқишини сиртдан давом эттиради. Совчилар келса, турмушга берганимиз яхши деб ўйлайман.

Чунки бизга тўғри келмай қолади. Одамлар «бир нарсаси бор-ки, хали ҳам турмушга чиқмай юрибди» деб гап қила бошлашади.

Чеварчиликни, пазандачиликни ҳамда игна сайиш курсларига ўрганади. Унга қўшимча диний билим олса, аёл кишига шулар етарли. Тушган ери яхши бўлса, айтиб ўтган нарсаларимни ўрганган бўлса, яхшигина яшайди, асосан шуларгина керак. Чунки турмуш ўртоғининг ўзи боқиб олади-да. Мана масалан мен ҳам ўқимаганман, қайнонамнинг хизматини қилиб, эрим билан яхши яшаб келаяпман.

Шароитимиз яхши эди. Отаси, акалари яхшигина пул топишади, қизимизни ўқитишга имконимиз бор. У ҳам ўқийман деб турибди. Қизим яхши ўқийди мактабда, назорат қилиб тураман.

Бизнинг даврда, СССРда, яхши ўқитишарди мактабларда. Ҳозирги мактаблардаги таълим жуда паст деб ҳисоблайман. Ўқитувчилар ўзлари совчи бўлиб туришса ўқувчи қизларга… Ўқитувчиларнинг кўпчилиги қариндош-уруғларига ўқувчи қизларнинг қўлини сўраб келишяпти. Шундай ўқитувчилар кейин қойиллатиб ўқитармиди?

Энди қизимдан ҳам «болани кўр, ёқдими?» деб фикрини сўраймиз. Лекин қарорни биз қабул қиламиз.

Қизлар вақтни ўтказмай 19-20 ёшда турмуш қуриши керак. Ўғил болалар эса ҳаётда пул топишни ўрганиб, 22дан бошлаб уйланса бўлади.

«Ўқитувчилар ўқишга қизиқтира олмайди»

Мурод, 11-синфда ўқийди, Аравон райони

Иллюстратив сурат

Милиция ходими бўлгим келарди. Лекин ҳозир бошқа касбни танлаб қўйдим шекилли. Ҳозир мебель ясайман. 8-синфда ўқиган вақтимда шогирд тушганман. Мактабни битиргандан кейин ҳам шу хунаримни давом эттирсам керак. Балки ошпазликни ҳам ўрганарман.

Бу шахсий қарорим. Ўқишга қизиқишим йўқ. Мактабда ҳам яхши ўқимайманю Асосан мактабдаги ўқитувчилар ўқишга қизиқтира олмайди. Мактаблардаги вазият ҳеч ёқмайди, боргим ҳам келмайди. Ундан кўра бир ҳунарнинг эгаси бўлиб, ишлаб пул топсам дейман. Бу гапимни ўқитувчилар эшитса ёмон кўришади.

Оиламдагилар ўқимай қўганимни кўриб, «хоҳлаганингни қил, бир хунарнинг эгаси бўлганинг яхши» дейишди. Кейин ҳозир университетга кирсам ҳам оилам пул томонидан қийналиб қолади. Ундан кўра тезроқ пул топиб, отамга ёрдам берганим яхши.

Умуман олганда универсал бўлгим келади, турли хунарларни эгалласам дейман. Давлат ишхоналарида ишловчи касбни эгаллагим келмайди. Онам касалхонада хамшира бўлиб ишлайди. Кўп қийналганини биламан. Давлат хизматида эркин ишлай олмасанг керак деб ўйлайман. Маоши ҳам оз.

Мақсадим — яхши ишга эга бўлиб, ота-онамни рози қилиш. Ўқишдан кўнглим қолган бўлса ҳам укаларимни яхши ўқитиб, шароитларни тузиб бериш.

Энди бу мақсадларимга ета оламан деб ишонаман, яхши харакат қилиб 5-6 йил ичида пул тўплаб бир ишхона очишим мумкин.

Атрофимдагиларнинг гап қилиши ёқмайди: «унинг қариндоши “разборщик”, ёки прокурор, ё бўлмаса милиция, бу ҳамма нарсани қилса бўлади, сенга бўлмайди» деганлар. Бу ўзбек ёки бу қирғиз деб бўлинишлар ёқмайди. Ўзимни эркин сеза олмайман.

Ҳамма бирдек бўлишини хоҳлайман. Одамлар бир-бирига ишонган, бўлинмаган, алдамаган, қишлоқда қора меҳнат қилиб ҳам қариндоши катта ишда ишласа, ўшандан қўрқмаган жамиятда яшагим кеоарди.

«Зиёли фарзанднинг онаси бўлгим келади»

Инобатхон, 56 ёшда, Аравон райони

Иллюстратив сурат

3 фарзандим бор: икки ўғил, ўртанчаси қиз. Кенжа ўғлим мактабни тугатиб ҳозир университетда дастурчиликка ўқияпти.

Болаларимнинг бари ўқишни хоҳлар эди. Лекин кичик боламгина олий таълим олмоқда. Катта ўғлим мактабни битирган йиллари ночор аҳволда эдик. Ўқитишга шароитимиз бўлмаганини болам ўзи тушуниб университетга топширмаган. Қизим мактабни битган йиллари эса Ўшда тўполон бўлиб кетган. Отаси ҳам, акаси ҳам қизимни Ўшга ўқишга юборишга қарши бўлишган. Қизим ҳам ўзи қўрқиб, ўқий олмай қолди. Ҳозир энди кенжамиз ўқияпти.

«Ўқийсан, мен ҳам ўқимишли боланинг онаси бўлгим келади!» деб кўп айтиб, ўғлимга туртки берганман. Ўзлари ҳам «ўқигимиз келади, қайси университетга топширсак экан?» деб айтишар эди.

Олий таълим олса яхшида. Қоғоз қалам билан ном топиб ейди, қора ишда умрини ўтказиб қийналмай яшайди. Болалари ҳам билмли, интеллигент оила бўлади.

Болалар билимли бўлиши лозим. Қийналсанглар ҳам фарзандларни ўқишига катта шароитларни тузиб беринглар, кейин ўзингларни ўшалар боқади деб айтар эдим. Ўғил-қизларини олийгоҳга юборса ҳам имкониятни озроқ тузиб берган танишларим бор.

Бизда «одамлар нима дейди?» деган гапни бошқача тушуниб олибоқ кўпчилик вақтларда болаларимизни уйга қамаймиз. Лекин пул топиш керак бўлиб қолиб, Россияга жўнатишда «одамлар нима дейди?» деган сўзни эсламаймиз. Катта тўй қилишга пулимиз бор, лекин болаларимизнинг билим олишига пул йўқ. Элдан қолмай деб уйларимизни чиройли қилиб таъмирлаймиз. Эркакларимизни бирор баҳона билан тўпланиб ош ейишга пули бору лекин болаларини ўқитгани пули йўқ.

Яна бир айтмоқчи бўлганим — ўғлим 2-курс бўлди, жуда қийналиб ўқитамиз. Ўтган йили болам ўқишга янги топширган вақт эди. Кузда акаси Россиядан қайтди. Қишда уйда пулимиз қолмай қолди. Банкдан кредит олиб боламнинг шартномасининг ярмини тўладик. Бировлардан қарз сўраб, ҳафта сайин пулини бериб турдик.

Болам «университет менга яхши билим бера олмаяпти. Сизларни қийнаб ўқиб юрибман» деб кўп айтади. Бошқа курсларга бориб билимини ўстиргиси келади, лекин курслар қиммат бўлгани учун ўқий олмаётганини бизга очиқ айта олмаётганини сезаман.

«Актёр бўламан десам яқинларим кулишади »

Жавохир, 11-синфда ўқийди, Аравон райони

Иллюстратив сурат

Актёр бўлгим келади, киноларда ва клипларда роль яратишни орзу қиламан.

Ростини айтганда, университетларда ўқишни орзу қиламан, истайман. Лекин мактабда ўқиш ёқмайди, ўқитувчилар ўқитаётганда кўп нарсани тушунмайман ва ёқтирмайман.

Акаларим билан 8-синфдан бошлаб устачилик қилиб юриб, уни ҳам ўргандим. Ўша йилиёқ қишда шогирд тушиб, новвойчиликни ўргандим. Ҳозир ўзим нон ёпа оламан.

Мактабда ўқиш билан бирга, новвойчиликдан яхши пул топаман. Бизда иш кечаси бўлгани сабабли эрталабда нон ёпиш керак бўлади. Шунга баъзан дарсга бормай қоламан, борсам ҳам 2-3-соатларга бораман.

Университетга топшириб, актёр бўлиш хаёллигича қолади шекилли. Чунки ўқишга топширишга билимим ҳам етмаса керак. Бунинг устига оиламни мрддий томондан қийнаб қўймайин дейман.

Ота-онам билан ўқиш ҳақида гаплашганмиз, лекин улар мени қўлашмаган. Отам «мактабни битириб, шаҳодатноманингни олгандан кейин Россиядаги акаларингни ёнида ишлайсан» деган.

Ота-онам менинг орзуларимни, мақсадларимни тўғри қабул қилмаганидан ўзимда ҳам унга эришишга харакат ҳам, истак ҳам йўқ.

«Шундай актёр бўламан» деб айтсам, яқинларим ё дўстларим жиддий қабул қилишмайди, аксинча кулишади. Оиламдагилар эса «Актёрликдан сенга нима фойда, шаҳардагилар ўрин беришмайди! Ундан кўра шу новвойчиликни қилганинг яхши» деган сўзларни айтишган.

Эркин, мени тушунган одамларнинг орасида, менга ёққан ўқитувчилар билан одамларнинг муҳитида ўқигим келади. Бировларнинг орзуларига етишишига ёрдам бериб, қўловчи одамларнинг ичида яшагим келади. Бировларнинг орзуларидан кулган одамларни ўзгартиргим келади. Лекин қандай ўзгартиришни билмайман.

Диалог керак

«Аравон-Прогресс» ёшлар ташкилотининг етакчиси Иқбол Исақов ёш авлод билан катта авлод ўртасидаги диологни яхшилаш бўйича саккиз йилдан бери ишлаб келмоқда. Жамиятдаги бу кўринишга нисбатан у қуйидагиларга тўхталди:

Иқбол Исақов

Асосан менинг фикрим биргина ўзбек миллатидаги ёшларга эмас, қирғизистонлик барча ўғил-қизларга нисбатан айтилади. Билим олишга қизиқмаслик, бир ишни охирига етказмаслик барча ёшларимизда учрамоқда. Энди бунинг сабаблари кўп.

Масалан урф-одатларимиздан келиб чиқмоқда. Катталарнинг, ота-оналарнинг айтган сўзларини эшитиб, уларга кўнамиз. Кўп ҳолларда «Сен нимани ҳам билардинг? Ёшсан, кўп нарсани кўрмагансан!» деган катта авлод керакли бўлган кўп нарсадан бизни тийиб қўймоқда.

Лекин бизнинг давримиз ўзгаряпти. Атрофимиздаги дунё ўзгармоқда. Уларнинг яшаган вақти билан ҳозирги ёшларнинг яшаётган даври, дунёси бошқа бўлганидан, менимча, катталар ёшларга қулоқ солиб, керакли вақтда йўл кўрсатиши керак.

Ёшлар ўзларининг хаёли ҳақида ота-онаси билан гаплашса яхши бўлар эди. Ота-она билан болаларнинг ўртасидаги диологни яхшилаш учун ишончни пайдо қилиш керак. Ишониш қачон пайдо бўлади? Ёшлар бир нарса айтаётганда уларни эшитиб, уларни тушуниб, уларга йўл кўрсатса. Ёшлар «Сизлар ҳам ёш бўлгансизлар, сизларнинг ҳам мақсадинглар бўлган. Менинг ҳам мақсадим бор, менга ҳам имконият беринглар» деб айтиб, тушунтиришса, ота-онаси тушунса керак.

Қизларимизга келажакда керакли бўлган касбни ўргата олмасак, улар замондан, барча нарсадан ортда қолади. Бу биргина одам эмас, оила ортда қолади деган гап. Рақобатга бардош бера олмай қолади. Бу нарсалар одамларда турли: ижтимоий, моддий, психологик муаммоларни олиб келиши мумкин.

Лекин ота-оналарнинг «қизимни турмушга берсам, қутулсам» деган муомаласи тўғри эмас. Ота-оналар «менинг қизим ҳам инсон, унинг ҳам орзулари, мақсадлари бор» деб ўйласа, фойдалироқ бўларди.

Шунингдек, ҳозирги вақтда диплом ҳеч қандай роль ўйнамаяпти. Масалан, университетни тугатиб, дипломни олгандан кейин ўша ўз касби бўйича ишлаши керак. Бир томондан давлатимизда иш йўқ бўлса, бир томондан университетда олаётган билими замонбоп эмас. Бозор иқтисодига қараб, қандай мутахассисликлар керак, билимнинг сифати қандай бўлиши лозим эканини баҳоламай, эски тизим билан ўқитганимиз учун, фикримча, дипломли мутахассислар ишлаб кета олмаяпти.

Бир жиҳати ота-оналарнинг айтгани ҳам тўғри. Бир танишининг боласи ўқишни битириб келиб, мутахассислиги бўйича иш топа олмай ёки давлат ишхоналарида оз маошга ишлаб юрган ҳолатлар ҳам кўп учрашади. Шу сабабли ота-оналарнинг боласини мигрант бўлишга ундаши оддий кўриниш.

Суратлар муаллифники

Муҳаррирлари: Элмурат Асан, Дастан Умотбай уулу