Ҳаммом қуришга мажбурлашган. Аскарларга зўравонлик қилган офицерларга қарши жиноят иши қўзғалди

577
Иллюстратив сурат. Табилды Кадирбеков / «Спутник»

Бишкек четида хизмат ўтаган аскарларнинг ота-оналари болалари тинимсиз ишлашга мажбурланаётганини билдиришган. Агар бунга кўнмаса калтаклаб, хўрлашганини айтишган. Бош штабдагилар калтаклаш факти бўлганини тасдиқлашди.

Қисқача:

  • Бишкекка яқин Кой-Таш қишлоғидаги №73809 ҳарбий қисмнинг олти аскари командирлари ҳўрлаганини, ариқ қаздириб, ҳаммом қурдириб, машиналарни таъмирлатганлари учун шикоят қилишган.
  • Ҳуқуқ ҳимоячилари айрим бир аскарлар босим остида зўравонлик кўрсатганлиги учун ўзлари ёзган аризаларини қайтариб олишганини айтиб чиқишди.
  • Ҳарбий қисмнинг командири ва уч офицер ўз ишларидан олинди.

«Ариқ қазиб, ҳаммом қуришга мажбурлашди»

Жабрланган аскарлар хизматга 2018 йили баҳорда чақирилган. Уларни Бишкекка яқин жойлашган «Ала-Тоо» полигонига жўнатишган.

Жабрланганлардан бири «Азаттык»қа билдиришича, уни ва бошқа беш ҳарбий хизматни ўтаган болани май ойида металлолом тўплатиб, ариқ қаздириб ҳамда ҳаммом қурдиришган.

«Кўпчилик йигитларни калтаклашар эди, менга тегишмаган. Мен уларни калтаклаганини кўрганман, ростини айтсам, мен бу нарсалардан чарчадим. Ҳар доим ҳақорат қилишар эди», — деган у.

Унинг айтишича, болалигидан бери тутқаноқ ҳуружи билан оғрийди. Командирлар аскарларнинг жисмоний тайёргарлигини текшриш вақтида уларнинг оёғи остига ўқ отиб, югуртирганда унинг тутқаноғи тутиб қолган. Бу воқеадан кейин у даволаниш учун Республика руҳий шифохона марказига тушган.

Қолган аскарларнинг яқинлари Ҳарбий прокуратурага мурожаат қилганларини, лекин тергов ишларига икки ой ўтса ҳам бирор натижа бўлмаганини, офицерлар ўз хизматида ишлаётганини айтишган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари хавотирланмоқда

Натижасиз уринишлардан сўнг жабрланганларнинг яқинлари ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишган. Улар ҳарбий қисмга бориб, аскарларни кўриб келишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг айтишича, аскарлар орасида ҳуқуқий билимга эга, ўзларини қандай тутиш кераклигини билган йигитлар бор.

«Улар командирларга “биз сизларнинг машинангларни таъмирлашга, бу нарсаларни қилишга мажбур эмасмиз” деб ва бошқа даъволарини билдиришганда, яна ҳам кучли босим кўрсата бошлашган», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳуқуқ ҳимоячилар касалхонада ётган бир аскарни кўргани бориб, унинг стресс аҳволда бўлганини сезган.

«7-июндаёқ улар ҳарбий прокуратурага мурожаат қилишган. Ҳозир биз суднинг қарорини кутяпмиз. Икки ойнинг ичида тергов ишлари тугаб, айблов эълон қилиниши керак эди», — деди Азиза Абдирасулова.

Аскарларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган адвокат Динара Медетованинг айтишича, 6 ҳарбийнинг уч нафари ўз аризаларини кўрсатилган босимлар сабаб қайтиб олишган. Улар ўз аризаларида камситиб, хўрлаган командирларнинг исмларини очиқ ёзишган.

«Бу ҳарбий қисмнинг етакчиларига ушбу йигитларни таҳқирлаш учун барча шароитни яратиб беришган. Бундай таҳқирлашлар икки ойдан бери даваом этиб келади. Мен бу вазиятни ҳуқуқ тартибот органларининг ҳамда ҳарбий прокуратуранинг масъулиятсизлиги ва лавозимини суистеъмол қилиш деб ҳисоблайман», — деди Медетова.

«Командирларга қарши жиноят ишлари очилган»

Ҳуқуқий таъминот бошқармасининг ва Коррупция билан курарашиш бош штабининг раҳбари Темирбек Козуев аскарларни калтаклаб, уставдан ташқари ишларни қилдиргани исботланганини тасдиқлади.

Лекин, у аскарларнинг оёғига югуриш вақтида ўқ отилганини инкор қилди.

Бош штабнинг матбуот хизмати «Клооп»нинг мухбирларига билдиришича, мазкур ҳарбий қисмнинг командири Болот Кочконов ишдан бўшатилган.

«Прапоршик Жапаров, старшина Орозбаев ва катта-лейтенант Казибек уулуга жиноят иши қўзғалиб, ҳозирги вақтда улар тергов арафасида», — деб билдиришди бош штабдан.

Ҳаммуаллифлар: Нурайим Омурбекова, Сабрина Алиева