Нимага Иссиқкўлдаги арзон пансионатларда сизни ҳеч ким қутқармайди?

169

«Радуга» пансионатининг пирсидаги қутқарувчи». Фотосурат: Айкан Суранаева/Kloop.kg

Ёз тугамай туриб Иссиқкўлда йигирмадан ортиқ киши сувга чўкиб, вафот этди. Асосий сабаблардан бири — сувга чўкканларни қутқарувчи ҳеч ким йўқ. «Клооп»нинг журналистлари кўлнинг шимолийэтагида жойлашган пансионатларга бориб, барча пансионатларда қутқарувчилар бор ёки йўқлигини ҳамда нима сабабдан дам олувчиларни қутқарувчиларнинг йўқлиги хавотирлантирмаслигини билиб келди.

Қисқача:

  • Ёз мавсуми якунига етмай туриб, Иссиқкўлда йигирмадан ортиқ дам олувчи вафот этди.  «Азаттык»нинг мухбири Уланбек Эгизбаев ҳалок бўлгандан кейин бу ҳақда кўпчилик гапира бошлади. Фавқулотда ҳолатлар министрлигининг (ФҲМ) талабига кўра, ҳар бир пляжда керакли жиҳозлар билан таъминланган камида икки нафар қутқарувчи ишлаши зарур.
  • «Клооп»нинг журналистлари Иссиқкўлнинг шимолий соҳилидаги тўққиз пансинат билан бир шаҳардаги пляжга бориб аниқлашича, суткасига бир номер камида 3000 сом бўлган пансионатлардагина қутқарувчилар керакли жиҳозлар билан таъминланган.
  • Арзонроқ пансионатлардаги қутқарувчиларда эса керакли ускуналар йўқ бўлган, ёки қутқарувчилар ўз иш ўрнида бўлмаган. Лекин пляжда қутқарувчиларнинг бўлиши журналистларнинг саволларига жавоб берган дам олувчиларни кўп ҳам хавотирга солмайди.

Батафсил

2018 йилнинг ёз мавсуми якунига етмай туриб Иссиқкўлда 20дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Дам олувчилар ўлимининг асосий сабаби — ё улар маст ҳолда сувга тушишган, ёки қутқарувчи ҳеч ким бўлмаган.

ФҲМнинг қошидаги ғоввосларни тайёрлаш маркази  — бу малакали қутқарувчиларни тайёрловчи ва жабрланганларга шифокорларгача ёрдам кўрсатиш бўйича ўқитувчи Қирғизистондаги ягона муассасаса.

Ғаввослар мактабининг етакчиси Айдар Каптагаевнинг айтишича, марказ 2011 йилдан бери ишламоқда ва Иссиқкўл области учун йилига 120 қутқарувчини ўқитиб чиқаради.

«Талабга кўра, қутқарувчининг маълум бир формаси бўлиши керак: қизғиш сариқ футболкада “қутқарувчи” деб ёзилиб, қизғиш сариқ ёки қизил кепка кийиши керак ва у дам олувчилардан фарқланиб туриши лозим, қўлида эса одамларга маълум қилиб туриши учун рупор бўлиши керак», — деди Каптагаев.

Унинг айтишича, қутқарувчиларни ўқитиш етти кун давом этади ва 3400 сом туради. Курсни тугатгандан кейин бу марказ билим олганларга сувда қутқарувчи деган сертификат беради. Қутқарувчилар эса ҳар йили ўз малакасини кўрсатиш учун синов топшириб туришга мажбур.

Ҳар бир пляжда минора бўлиши керак. Бундай қурулишлар бўлса ҳам улар ўз низоми бўйича фойдаланилмайди. Фотосурат: Айгерим Казмбаева/Kloop.kg

Каптагаев билдирганидек, сувга чўкаётганларни қутқариш учун биргина яхши сузишнинг ўзи кифоя эмас.

«Бир кишининг чўкиб-чўкмаганини сезиш жуда қийин. Бир киши сувга чўкканда, у нафас олайин деб типирчилаб қийқира олмай қолади. У қўл силкитиб, қимирлайди. Кўпчилиги у шунчаки ўйнаяпти деб ўйлаши мумкин», — деб тушунтирди у.

Унинг айтишича, ҳар йили май ойида мазкур марказ пансионатларга мурожаат қилиб, у ердаги қутқарувчиларни ўқишдан ўтказишга жўнатишини таклиф қилишади. Бироқ, Каптагаев айтганидек, пансионатлар уларнинг таклифига июннинг ўртасида, ёз мавсуми бошлангандагина жавоб бера бошлашади.

«Бу пансионатлар директорларининг ва биринчи навбатда идоралар маъмуриятларнинг масъулиятсизлиги. Чин юракдан ишлаган одамлар ҳам бор. Биз уларга таклифнома билан мурожаат қилганда, дарҳол жавоб бериб ишлашади, лекин ундайлар жуда оз», — деб норози бўлди ғаввослар мактабининг директори.

Унинг айтишича, Иссиқкўлда қутқарувчилар етишмайди. Биринчи навбатда бу улар ўз ҳаётини таваккалга солганига қарамай ойига 5-8 минг сом олишганидан бўлмоқда. Каптагаев пансионатлар қутқарувчиларга кўп ҳақ тўланмайди, аксинча иқтисод қилишни исташади деб ҳисоблайди.

«Билмайман, бу уларнинг чўнтагига қанча зиён келтиради. Ўша йилдан бошлаб ҳар бир пансионатда йўқ деганда икки нафардан қутқарувчи бўлиши керак деяпмиз», — деди у.

Қутқарувчилар формадан ташқари жиҳозлар билан ускуналар тўпламига эга бўлиши зарур. Улар: қайиқ, қутқарувчи арқон ҳамда доира, аптечка, дурбун, рупор, хуштак, бутка кийган ғаввос ва чангак. Бу ускуналарнинг тўплами 10 мингдан 20 минг сомгача туради.

Кўп тўласанг чўкиш хавфи оз бўлади

Бошидан бери пляждаги хавфсизликка маҳаллий хукумат жавоб бериб келади, лекин улар хусусий шахсларга ижарага бериб юборишади. Ижарага олган вақтда хавфсизлик учун жавобгарлик ижарачиларга юкланади. Улар мустақил қутқарувчиларни иўлаб топиб, ўқитиб, керакли жиҳозлар билан таъминлаши ҳамда пляждаги вишкаларни қуриши керак.

«Клооп»нинг журналистлари Иссиқкўлнинг шимолий соҳилидаги тўққиз пансионатга бориб, унда махоратли қутқарувчилар бор ёки йўқ эканини ҳамда керакли ускуналар билан таъминланиб-таъминланмаганини текшириб келишди. Пансионатларнинг бари пляждан 100-200 метр олисликда жойлашган.

Журналистлар аниқлашганидек, бу дам олишнинг баҳосидан тўғридан-тўғри қарам экан, бошқача айтганда, қиммат пансионатларда хавфсизлик бўйича талаблар бажарилади. Мухбирлар борган тўққиз пансионатнинг учтасида бир номернинг ижара ҳаққи суткасига 3000 сомдан ортади. Улар: KARVEN four seasons, «Радуга», «Три корони». Уларнинг ҳар бирида учдан бешгача қутқарувчи ишлайди, пляж эса вишка билан таъминланган.

«Ишга келганда пляжни текшириб, соҳилдаги чизиқларни, қайиқни тайёрлаб, бошқа ҳеч нарса йўқми қараб чиқамиз. Болалар учун тўсилган ҳудуд бор», — деди KARVEN дам олиш ерининг қутқарувчиси Тарас Кацубо.

«Форма — тўғри, тан олиш керак, бизда ростдан ҳам йўқ. Лекин ҳар йили талаб қилинган ускуналарнинг сонини тўлиқлаб туришга харакат қиламиз, маъмуриятга мурожаат қилиб, нима етишмаётган бўлса, ўшаларни ёзамиз. Бу йил бизга қайиқ харид қилиб беришди», — деди «Ала-Тоо» пансионатининг қутқарувчиси Тинчтикбек Дуйшоналиев.

Иссиқкўл соҳилида дам олувчилар. Фотосурат: Марат Абдикаликов/Kloop.kg

Унинг ҳамкасби Жумакмат Айтманбетов «Голубой Иссык-Куль» санаторийсида қутқарувчи бўлиб ишлайди. Журналистлар билан суҳбатлашар экан у штатда икки қутқарувчи ва бир ҳамшира ишлашини айтди. Қайиқ, катер ҳамда катамаранни ижарага берувчи турғунлар эса қутқарувчиларга «дам олувчиларни кузатиб туришда» ёрдам бериб туришар экан.

«Голубой Иссык-Куль» ёнида Чолпон-Ата шаҳар пляжи бор. У ерда ишловчи уч қутқарувчи қўшимча катамаран билан қайиқларни ижарага беришади. Уларнинг керакли жиҳозлари ҳам йўқ, махсус форма ҳам кийишмаган.

Қутқарувчиларни тополмай қолганда

«Бостери» (аввалги «Олтин қум») пансионатининг раҳбарияти уларда икки қутқарувчи ишлашини айтганига қарамай «Клооп»нинг журналистлари пляждан ходимларни учрата олмаган. Мухбирлар икки кун давомида, куннинг турли вақтларида бориб назар солиб туришган.

Қутқарувчиларни қайиқ ва катамаран ижарага бериш билан шуғулланган турғунлар орқали ҳам топишнинг имкони бўлмаган. Журналистлар билан суҳбатлашар экан улар  «Бостери» пансионатида бирор марта ҳам қутқарувчиларни кўрмаганини айтишди. Пансионатнинг директори ва ўринбосари қутқарувчилари қаерда эканини кўрсатишни истамади.

«Бостери» 910 кишига лойиқлаштирилган, лекин кунда бу ердаги пляжга келганларнинг сони бир қанча кўп. Чунки у ерда кўнгил очар аттракционлар жойлашган. Пляжга кириш баҳоси 20 сом туради.

Бу пансионатнинг ёнида «Бор-бор» дам олиш жойи жойлашган, у ерда ҳам қутқарувчилар йўқ.

«Бор-бор»нинг пляжи — Иссиқкўлнинг шимолидаги энг оммабоп дам олиш жойларидан бири.  Фотосурат: Айгерим Казибаева/Kloop.kg

«Бор-бор»нинг етакчиси Алмаз Асанов «Клооп»нинг журналистига телефон орқали билдиришича, маъмурият пляжга яқин жойлашган бошқа ерларга жавобгарчиликни олмайди, чунки у бошқа одамларга ижрага берилган. Бу бўйича у Бостери қишлоқ ҳукуматига мурожаат қилиш кераклигини айтди. Бостерининг етакчилари эса Асанов билан гаплашишни маслаҳат беришди. Бу сафар Асанов банд эканини айтиб журналистлар билан сўзлашишни рад этди.

«Бостери» пансионати каби «Бор-бор» ҳам энг оммавий дам олиш  жойи ҳисобланади. Икки пансионатда ҳам энг арзон номернинг баҳоси кунига 1500 сомни ташкил қилади.

«Клооп»нинг журналистлари савол-жавоб ўтказган одамлар дам олиш учун жой танлашда қутқарувчининг бор-йўқ экани асосий аҳамиятга эга эмаслигини айтишди — асосийси баҳоси, яшаш шартлари, кўнгил очиш, пансионат ва пляжнинг тоза бўлишини айтишди.

«Мен қутқарувчиларнинг бор йўқлигига қарамайман, ўз фарзандларим учун ўзим жавоб бераман, — дейди дам олиб юрган Марлен Асанов. — Ўзим ҳам узоққа сузиб кетмасликка харкаат қиламан, сабаби қутқарувчилар доим ҳам ёнингда бўлавермайди».

Муаллифлар: Айгерим Казибаева, Айкан Суранаева, Жанна Суйунбекова, Эмил Султаналиев, Эржан Бейшеналиев