«Диссернет» қирғиз олимининг ишида плагиатликни аниқлади. Унинг ўзи айбловни инкор қилмоқда

676

Россиянинг мустақил «Диссернет»жамияти қирғиз олими Нонна Розахунованинг диссертациясини  «ёлғон» ва плагиат деб атади. Уларнинг фикрича, Розахунова ўз диссертациясига ҳавола бермаган ҳолда бошқа олимларнинг ишларидан ўнлаган саҳифа маълумотларни қўшган. Розахунова буни инкор қилиб, ўз диссертациясини ёзиш вақтида талаблар бошқача бўлган деб билдирмоқда.

Нима бўлди?

Илмий диссертацияларни  таҳлил қилувчи Россиянинг «Диссернет» лойиҳасининг экспертлари қирғиз олимларининг 600га яқин ишларини текширишга киришди.

Экспертлар уларнинг ичидан биринчи Қирғизистоннинг ҳуқуқий илмларнинг доктори ҳамда Қирғиз миллий университетнинг юридика факультетининг декан ўринбосари Нонна Розахунованинг диссертациясини текширишди. «Диссернет» Розахунова ўз диссертациясига уч олимнинг ишларидан материални қўшиб олган деган хулоса чиқарган.

«[Олим Магомед] Абдуллаев Россия ҳақида ёзган, [...] Розахунова бу ишни олиб, "ОФ Конституциясини" "Қирғизистон Республикасининг конституциясига", "ОФ халқаро битимларини" "Қирғизистон Республикасининг халқаро битимларига", "Омбудсменни" у "Ҳақиқатчига" алмаштирган. Аниқроқ айтганда у плагиатликдан кўра айёрона бир нарса қилган  — у илмий тадқиқот маълумотларини алмаштирган», — дейди лойиҳанинг иштирокчиси Андрей Заякин.

Унинг айтишича, Розахунованинг инсон ҳуқуқлари ва қонуннинг манбаси тўғрисидаги диссертацияси «муаллиф ўйлаб топган реаллик» бўлган, чунки диссертацияда Россия ҳақида маълумотлар бўлган ва улар Қирғизистон учун қўлланилиши мумкин эмас.

«Давлат думасининг депутатлари иқтисод бўйича [ўз] диссертацияларида "шоколад" деган сўзни "гўшт" деб алмаштирган маълум мисоллар бўлган, айни вақтда ишлаб чиқариш кўлами, нархи, технологик жараёнларнинг ўзига хосликлари ҳамда етказиш маршрутлари ўз ҳолича қолган. Аниқро айтганда, агарда "шоколадни" "гўштга" алмаштириб қўйса, бу гўшт ҳақида ҳам эмас, шоколод ҳақида ҳам бўлмаган диссертация бўлиб қолади — бу муаллиф ўйлаб топган реаллик бўлиб қолади», — деб ҳисоблайди Заякин.

Унинг айтишича, бундай қоида бузишлар учун Розахуновани олимлик даражасидан ажратиб қўйиш мумкин.  Заякин билдирганидек, Россияда «Диссернет»нинг эълон қилган материалларидан кейин 200га яқин киши ўз мақомларидан айрилган.

Розахунованинг ўзи бу ҳақда қандай фикрда?

Нонна Розахунова илмий ишнинг плагиатига боғлиқ барча айбларни рад қилиб, бу «кимнингдир буюртмаси» деб билдирди. Унинг айтишича, у 2010-йили ўз диссертациясини ёқлаётган вақтда плагиатнинг даражасига кўра бундай талаблар йўқ бўлган, Қирғизистон ва Россиянинг эса конституциялари «ўхшаш» бўлган. У ҳозир фан докторлигига номзодлар учун ишларини ҳимоя қилиш оғир деб айтди.

«"Диссернет" ноқонуний сайт бўлиб ҳисобланади — Россияда ҳақиқатда плагиат билан шуғулланганларнинг бирортаси ҳам дипломларидан ажрамаган », — деб ҳисоблайди Розахунова.

Шу билан бирга Розахунова ўзи 2014-йили бошқа олимлар билан бирга Ўш давлат университетининг диссертация кенгашидан шикоят қилиб, Жогорку Кенешнинг тармоқ комитетидан «Қирғизистонда сохта докторлар ва фан номзодларини кўпайтиришни тўхтатишни» сўраган.

Аттестация комиссияси нима демоқда?

Олий аттестация комиссиясида (ОАК) россиялик мутахассисларнинг хулосалари «норасмий» ва комиссияга тушаётган барча илмий ишлар «Антиплагиат» дастури орқали ўтади деб айтишмоқда.

Комиссиядан «Антиплагиат» дастури қандай ишлаши ва  диссертацияни ҳимоя қилиш учун қандай низомлар борлиги ҳақида кенгроқ айтиб беришни исташмади.

Материал эълон қилинишидан олдин Билим бериш министрлигидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

«Диссернет» дегани нима?

«Диссернет» — бу  докторлик ва фан докторлигига номзодларнинг диссертацияларига мустақил экспертиза берувчи россиялик тадқиқотчилар ва экспертларнинг тармоқ жамияти. Улар ўзлари «товламачиларни, қалбакилаштирувчи ва ёлғончиларни фош қилиш» бўйича иш олиб борамиз деб айтишмоқда.

«Диссернет» ўз ишини 2013-йили бошлаб, Давлат думасини депутатларининг, ижройи ҳукумат амалдорларининг, губернаторларнинг, куч тизилмалари ходимларининг ҳамда врачларнинг ишларини таҳлил қилишга улгуришган.

Уларнинг орасида маданият министри Владимир Мединский ҳам бўлган. «Диссернет»нинг аъзоси  Иван Бабицкий министрнинг ишини жиддий хатолардан иборат деб атаган. Бабицкийнинг айтишича, Мединскийнинг диссертацияси «илмий тадқиқот деб ҳисобланиши мумкин эмас».

«Диссернет» 2018-йил баҳорида тожик олимларининг диссертацияларини текшира бошлаган, плагиатлик бўлган 20дан ортиқ ишни аниқлаган. Уларнинг орасида Тожикистон премьер-министрининг биринчи ўринбосарини ва ўлка президенти Эмомали Рахмоннинг ёрдамчисини диссертациялари бўлган.