Омбудсмен Кубат Оторбаев президент Сооронбай Жээнбековга «Ата Мекен» партиясининг лидери ҳамда муҳолифатчи Омурбек Текебаевни «афв этиш» илтимоси билан мурожаат қилди. Олий суд 2017-йили уни пора олиш бўйича айбдор деб топган.
Оторбаев Жээнбековдан Текебаевни президентнинг Конституцияда кўрсатилган маҳбусни афв этиш ваколати асосида озод қилишни сўради.
«Омбудсмен мазкур афв қадами Конституциянинг қабул қилинишининг 25 йиллиги ҳамжа Инсон ҳуқуқлари бўйича умумий декларациянинг қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Омурбек Текебаевга афв қўлланишни сўраб, мурожаат қилди», — деб айтилади омбудсменнинг матбуот хизматининг маълумотида.
Оторбаев ўз мурожаатида Текебаев ўз соғлиғидан хавотирланиб, яхши сифатда хизмат кўрсатувчи касалхоналардан бирида даволанишни илтимос қилиб келаётганини қўшимча қилган.
Бишкекнинг Биринчи май район суди 2017-йилнинг августида Омурбек Текебаев билан Дуйшонкул Чотоновни россиялик тадбиркор Леонид Маевскийдан 1 млн доллар миқдорида пора олиш бўйича айбдор деб топган.
Тергов фаразига кўра, Текебаев пулни олгандан кейин Маевскийга «Мегаком» алоқа операторини бошқариш имкониятини бериши керак бўлган. Чотонов эса бу ишда воситачилик қилган.
Сиёсатчининг адвокатлари ҳукмдан арз қилишган, лекин Бишкек шаҳар суди биринчи инстанциянинг қарорини кучида қолдирган. Олий суд ҳам ҳукумни кучда қолдириб, шу билан Текебаев пора олиш бўйича тўлиқ айбдор деб топилган.
Биринчи май район суди Текебаев ва Чотоновни мулкини мусодара қилиш билан саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган. Лекин уларнинг қамоқ муддати амнистия сабабли 4,5 йилга қисқартирилган.
Текебаев эса ўзига қўйилган айбни инкор қилиб, бу ишни ҳукуматнинг «сиёсий буюртмаси» деб айтиб келган. Муҳолифатчиларни 2017 йили февралда унинг Қирғизистон ҳукуматига ва ҳозирда собиқ президент бўлиб қолган Алмазбек Атамбаевнинг номига қарата айтилган танқидлар ортида қўлга олишган.