Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетининг (МХДК) ходимлари ҳукумат маъмуриятининг собиқ раҳбари Нурханбек Момуналиевни сўроқ қилди. У Бишкек Иссиқлик электр маркази (ИЭМ)нинг буғ қозонларини таъмирлаш бўйича «Электр станциялар» ишхонасининг «қалбаки» тендер ўтказиши бўйича кўзғалган жиноий иш доирасида гувоҳликка чақирилган.
МХДКнинг матбуот котиби Рахат Сулайманов «Клооп»га берган интервьюсида Момуналиев 22-мартда сўроқ қилинганини айтди. У Момуналиев бу иш бўйича гувоҳлик бераётганини қўшимча қилди.
«Момуналиевнинг яқин қариндоши “Aimar Energy” компаниясининг асосчиси бўлиб ҳисобланади. Бу компания билан Бишкек ИЭМнинг буғ қозонларида таъмирлаш ишларини юритиш бўйича пудрат шартномаси тузилган», — деди Сулайманов.
Момуналиев 12-мартда ҳукумат аппаратининг раҳбарлик хизматидан кетган. У хизматдан кетиш сабабини «халқаро миқёсдаги ҳужжатларни тайёрлашда йўл қўйилган жиддий камчиликлар» билан тушунтирган.
МХДКнинг ходимлари 3-мартда «Электр станциялар» ишхонаси бош директорининг собиқ ўринбосари Бердибек Боркоевни қўлга олишган. У йирик миқдордаги пул маблағларини ноқонуний чиқаришга ва ўғирлашда гумонланмоқда.
Тергов версияси бўйича, буғ қозонларни таъмирлаш учун пудратчилар билан тузилган битимлар сохта бўлган, шунингдек таъмирлаш ишлари иссиқлик маркази ходимларининг ўз кучи билан амалга оширилган.
Жиноий иш «Йирик миқдордаги мулкни ўзлаштириш», «Тендерлар ўтказиш тартибини бузиш», «Ваколарларни суистеъмол қилиш» ва «Ҳужжатларни қалбакилаштириш» моддалари бўйича қўзғалган.
Бундан ташқари, Боркоев МХДКнинг вақтинчалик тергов изоляторига қамоққа олинган.