Қирғизистонликка Россияга кириш 26-февраль куни Санкт-Петербургнинг «Пулково» аэропортида маън этилган. У Россияга ўнг оёғидаги протезни алмаштириш учун борган. Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Қирғизистоннинг Россиядаги элчилигининг маълумотига кўра, «Пулково» аэропортининг чегара хизмати Қирғизистон фуқаросига ўлкага киришга у Санкт-Петербургга бўлган сафари мақсадини тушунтириб беролмаганлиги туфайли тақиқлаган. Бироқ қирғизистонликнинг Россияга киритилмаслигига алоҳида сабаб йўқ ва у «қора рўйхат»га олинмаган.
Қирғизистоннинг ТИМга қарашли маълумот департаментининг директори Муратбек Азимбакиев «Клооп» мухбирига ҳозирда бу иш бўйича суриштирув олиб борилаётганини хабар берди.
Қирғизистонликка ёрдам кўрсатиш учун Қирғизистон элчилигининг Санкт-Петербургдаги канцелярияси аэропорт ходимини ҳаракатларига баҳо бериб, расмий тушунтириш бериш илтимоси билан «Пулково»га мурожаат қилган.
Санкт-Петербургнинг «Фонтанка» интернет нашри маълум қилишича, I-гуруҳ ногирони Қирғизистон фуқароси 26-февралда ўнг оёғидаги протезни алмаштириш учун Санкт-Петербургга учиб келган. Бироқ аэропорт ходимлари унга ўлкага киришни тақиқлашган.
«Фонтанка» нашри унинг опаси билан алоқага чиққан, у акасига унда эҳтимол «суғурта қоғози ва меҳмонхонада номер банд қилинмагани» учун ўлкага киришни маън этишган бўлиши мумкинлигини билдирган. Қирғизистонлик меҳмонхонадан хона олмасдан, опасиникида яшаб туришни кўзлаган.
Протез қўйган шифокорнинг айтишича, унга 26-февралда келаман деб ёзилган қирғизистонлик келмай қолган. Шунингдек тиббиёт мутахассиси протезни алмаштириш учун суғурта қоғози керак эмаслигини қўшимча қилган. Нашриётнинг маълумоти бўйича, қирғизистонлик 1-мартда Қирғизистонга экстрадицияланиши керак.