Словакияда илк бор журналист ўлдирилди

617

Словакияда мамлакат тарихида илк бор журналистнинг ўлдирилиши бўйича тергов олиб борилмоқда. 27 ёшли журналист Ян Кучакнинг жасади ўз уйида топилган. У билан бирга хотини ҳам ўлдирилган.

Кучак турмуш ўртоғи билан бирга кичик Велка Мача аҳоли пунктида яшаган. Полиция журналистнинг уйига қариндошлари Кучак алоқага чиқмай қўйгани айтиб мурожаат қилишгандан кейин боришган. Полиция хабарига кўра, қотиллик 22 ва 25 февраллар ўртасида юз берган.

Кучак aktuality.sk нашри учун ишлаган ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ишлари билан боғлиқ масалаларни ўрганган. Ўзининг сўнги ишида у Братиславдаги хашаматли уйларнинг қурилишидаги порахўрлик ва товламачиликларни тадқиқ қилган эди. Полиция Кучакнинг ўлимини унинг касбий фаолияти билан боғламоқда.

Кучак Словакия давлати тархидаги илк ўлдирилган журналист бўлди.

Словакия президенти Андрей Киска дарҳол текширув ўтказилишини талаб қилди. Мамлакат премьер-министри Роберт Фицо эса бу ҳодисани «сўз эркинлиги ва демократияга ҳужум» деб атади.

2017 йилда Кучак полицияга тадбиркорлар томонидан қўрқитувлар бўлаётгани бўйича шикоят билан мурожаат қилган, лекин полиция бирор тадбир кўрмаган.