Жээнбеков Фарид Ниязовнинг истеъфосини қабул қилмади

679

Президент Сооронбай Жээнбеков ўз аппаратининг бошчиси Фарид Ниязовнинг истеъфога чиқиш бўйича аризасини қабул қилмади. Ниязов бу хизматдан нима сабабдан кетишни истагани ҳозирча номаълум.

Президентнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиева «Клооп»нинг мухбирига берган интервьюсида Ниязов 24-февралда президентга аппарат бошчилигидан кетиш режаси ҳақида айтганини билдирди. Ниязов нима учун ўз хизматидан кетишни хоҳлагани ҳозирча аниқ эмас.

«Ниязов 26-февралда президентга хизматдан кетиш бўйича ариза билан мурожаат қилган. Бироқ президент унга қўл қўймасдан, бундан кейин бирга ишлашни таклиф қилган», — деб билдирди Стамалиева.

Унинг айтишича, президент Ниязовга бир ҳафталик меҳнат таътили берган, сабаби Ниязов 2017-йилнинг октябридаги президент сайлови вақтида Жээнбековнинг штаб бошчилигида ишлаган вақтдан бери дам олмаган.

Фарид Ниязовнинг хизмат йўли

Биринчи президент Асқар Ақаев даврида Ниязов Ташқи ишлар министрлигининг иш бошқармаси ва шунингдек, вице-премьер-министр ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Кейинроқ у президентнинг матбуот хизматига раҳбарлик қилган.

Қурманбек Бакиевнинг бошқаруви вақтида Ниязов ҳеч қандай хизмат вазивасида бўлмаган, бироқ сиёсатга 2010-йилдаги инқилобдан сўнг қайтиб келган ва Муваққат ҳукуматнинг ахборот-координация аппаратига етакчилик қилган.

Ниязов 2011-йилдаги президент сайловида Алмазбек Атамбаевнинг сайлов олди штабига етакчилик қилган.

Атамбаев ғолиб чиққандан сўнг президент маслаҳатчиси бўлиб тайинланиб, у хизматда 2011-2015-йилларгача ишлаган.

У 2015-йилнинг октябрь ойида президент аппаратига раҳбарлик қилган ва кейинроқ президентнинг жамоат билан алоқа бўйича маслаҳатчиси бўлиб тайинлагандан сўнг бу хизматдан кетган.

2017-йилнинг ноябрида собиқ президент Атамбаев Ниязовни «яхши вазир» деб атаган ва уни «Қирғизистоннинг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун» II даражадаги «Манас» ордени билан тақдирлаган. Унинг айтишича, Ниязов бу мукофотга «лойиқ» бўлган.