Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров «йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиëтларини ўтказиш» айбида гумонланиб қўлга олинди. Қодиров бош прокурорлик лавозимида сал кам 15 йил ишлаган.
«Озодлик» радиосининг билдиришича, Қодиров 22 февралда қўлга олинган, эртасига «йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиëтларини ўтказиш»га гумонланиб сўроқ қилинган.
Қодировнинг қўлга олиниши тўғрисидаги хабар расмий тарзда инкор ҳам этилмаган, тасдиқланмаган ҳам. Фақат бошпрокуратуранинг исми очиқлашни истамаган ходими «Озодлик» радиосига Қодиров билан биргаликда икки нафар прокуратуранинг собиқ раҳбари ҳам қўлга олинганини билдирган.
Шунингдек, «Озодлик» собиқ бош прокурорнинг қўлга олинишидан 10 кун аввал унинг ўғли Алиешер Қодиров мамлакатдан қочиб кетганини хабар қилган.
Рашид Қодиров 2000 йилдан 2015 йилгача собиқ президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон бош прокуратурасига етакчилик қилган. «Озодлик»нинг ёзишича Қодиров Ўзбекистоннинг энг бой шахсларидан бири ҳисобланади.
Нашр журналистлари очиқ манбалар орқали тасдиқлашича, Латвияда унга ва оиласига тегшили кўчмас мулк мавжуд. Унинг ўғли Алишер Қодиров эса «Asia Trade»копманиясига эгалик қилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг август ойида ўзбек прокуратурасини танқид қилган ва унинг ходимларини «энг катта ўғрилар» деб атаган.
«Мана биз янги Бош прокурорни қўйдик ва 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Олдинги қолган ахлатдан¸ олдинги Бош прокурор қолдирган ўғри тизимдан 20-15 фоиз одамлар юрипти. Буларни барибир ўзгартирамиз охиригача», – деган Мирзиёев.