Афсона ва эртаклар: Айтматовнинг болалар учун китоби нашр қилинди

1241

Чингиз Айтматовнинг болалар учун ёзилган асарлари рус ва қирғиз тилларида нашр қилинди. Китобга ёзувчининг аввал нашр қилинган романларидаги афсоналар ҳамда Чингиз Айтматовга бувиси айтиб берган эртаклар киритилган.

Ёзувчининг ўғли Эльдор етакчилик қилувчи Чингиз Айтматов номидаги фонд биринчи болалар адабий тўпламини босиб чиқарди.

«Тўпламда Чингиз Айтматовга болалигида бувиси Айимкан айтиб берган “Уч ғариб опа-сингил ҳақида эртак” илк бор эълон қилинди. Китоб қирғиз ва рус тилларида нашр қилинди», — деди ёзувчининг фарзанди Эльдар Айтматов.

Китобнинг биринчи нусхаларини ҳозироқ ёзувчининг расмий aitmatov.kg сайтидан сотиб олиш мумкин.

2018 йилнинг декабрида Чингиз Айтматовнинг туғилганига 90 йил бўлади. Юбилей муносабати билан Қирғизистон ҳукумати бир қатор тадбирларни уюштиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек Қирғизистон ташаббуси билан Туркийлар маданияти халқаро ташкилоти (ТЮРКСОЙ) 2018 йилни Чингиз Айтматов йили деб эълон қилди.

Бундан ташқари депутатлар Чингиз Айтматов шарафига орден таъсис этишни таклиф қилишди.

2018 йили Москвада ёзувчига 27,5 млн сомлик ёдгорлик ўрнатиш режалаштирилмоқда. Ёдгорлик Москва жанубида, Айтматов номи билан аталган скверда жойлашади.

Сурат: ТАСС

Чингиз Айтматов — қирғизистонлик машҳур ёзувчи. Унинг асарлари дунёнинг 176 тилига таржима қилинган, 128 давлатда асарлари нашр қилинган ҳамда 20дан ортиқ асари экранлаштирилган.

Айтматов 2008 йилнинг 10 июнида Германиянинг Нюрнберг шаҳрида вафот этган. У Бишкекдан узоқ бўлмаган «Ата-Бейит» ёдгорлик мажмуасига 14 июнда дафн қилинган.