Ўш шаҳрида онаси томонидан калтакланган уч ёшдаги норасида уч кундан бери жонлантириш бўлимида комада ётибди. Милиция боланинг онасига калтаклаш айби билан икки ойга тергов изоляторига қамаган.
Соғлиқни сақлаш министрлигининг матбуот котиби Жилдиз Айгерчинов «Клооп»нинг мухбирига калтакланган бола ҳали ҳам жонлантириш бўлимида ётганини маълум қилди. Шифокорлар боланинг аҳволи ҳали ҳам оғир эканлигини айтишмоқда.
«Болани сунъий йўл билан озиқлантиришмоқда. Уни кўчириб бўлмайди, шу сабабли шифокорлар бишкеклик ҳамкасблари билан маслаҳатлашишмоқда», — деди у.
Шифокорлар калтакланган боланинг танасида кўкаришлар борлигини, ички органларига зарар етганини ва миясига қон қуюлганини аниқлаган.
Ўш шаҳар милицияси 4-февралда уч яшар боласини калтаклади деган айблов билан 24 ёшдаги аёлни қўлга олган.
Она уч яшар боласини «бебошлик» қилгани учун капгир билан калтаклаганини тан олган.
Боланинг онасига қарши «Безорилик» банди асосида жиноий иш қўзғалган ва шаҳар милицисиянинг вақтинчалик сақлаш жойига қамоққа олинган.