Қирғизистон ҳукумати мактабларда «қизларнинг бокиралиги текширилганини» рад қилди

643

«Лента.ру» ва «Тенгриньюс» нашрлари Қирғизистоннинг «Вести.kg» ахборот агентлигига таяниб Қирғизистонда мактаб ўқувчилари орасида қизларнинг «бокиралиги»  текширилаётганлиги тўғрисида ёзган. Қирғизистон ҳукумати мазкур маълумотни рад қилиб буни «беҳуда гап» деб атади.

Соғликни сақлаш вазирлигининг вакили Елена Баялинованинг «Клооп» мухбирига билдиришича, мактабларда  «бокиралик» текшируви ўтказилмаган, чунки бу ноқонуний.

«Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳеч қайси  қизнинг бокиралиги  текшируви ўтказилмаган  […] Бундай бўлмаган. Мен буни инсон ҳуқуқини поймол қилиш деб ўйлайман», — деди Баялинова.

Маориф министри Гулмира Кудайбердиева «Спутник» нашрига берган интервьюсида мактаб ўқувчиларининг  «бокиралиги » текширилаётганлигини инкор қилди   — у бу хабарни  «беҳуда гап» деб, бундай  хабарнинг  «ҳеч бир асоси йўқлигини» қўшимча қилди.

«Бўлмаган гап! Бундай сўзнинг чиқишига ҳеч қандай асос йўқ. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас, бу ҳолда инсонларнинг элементар ҳуқуқи бузилади ахир. Балки бу Соғлиқни сақлаш министрлиги ўқувчиларнинг соғлигини текширган навбатдаги тадбиридир. У қизлар билан бирга болаларнинг соғлигига ҳам тегишли», — деди Кудайбердиева.

Ўз навбатида  «Бокираликни текшириш»ни муҳокама қилишга Қирғизистоннинг «Вести.kg» агентлигига таяниб ёзган хорижий  «Лента.ру» ва «Тенгриньюс» нашрларининг маълумотлари сабаб бўлган.

«Вести.kg» нашрининг бош муҳаррир ўринбосари Алан Сагимбаев «Клооп» мухбирига «бокиралик теширилаётгани» бўйича маълумот яширин манбалардан — қишлоқ мактабларида ўқиган болаларнинг ота-оналаридан тушганини айтган.

«Улар баъзи бир қишлоқ мактабларида қизларни ота-оналарига билдирмай гинекологга жўнатишган ҳолатлар бўлганини айтиб беришган. Маълумот тўқима эмас», — деди у.

Таҳририят вакилининг айтишича, нашр «бундай шов-шувни кутмаган», хабарнинг ўзи эса Ўзбекистондаги шу каби текширувлар бўйича бўлган. «Бизда бундай текширувларни яширин жойи йўқ, доим ўтказиб келинган ва бу янги нарса эмас. Барча мактабларда эмас, лекин қишлоқ жойларида бу доимий турда бор», — деди Сагимбаев.

Қирғизистонда «текширувлар» бўйича маълумот Ўзбекистондаги «қизларнинг бокиралигини текширишлар» ҳақидаги «Озодлик»нинг мақоласидан кейин чиққан.

“Озодлик” хабарида Самарқанд вилоятининг мактаб ва коллежларининг қизлари оммавий турда гинекологга “бокираликни текшириш” мақсадида жўнатилгани айтилган.

Ҳукумат буни айрим қизлар ўзининг ҳомиладорлигини билгач ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш чораси сифатида изоҳлаган.

Кейинчалик Самарқанд вилоят ҳокимлиги қизларнинг бокиралиги текширилгани ҳақидаги хабарни инкор қилган.

Муаллиф: Рустам Халимов