Қирғизистоннинг иқтисод министри Артем Новиков Ереванда билдиришича, Қозоғистон йўл харитасига қўл қўйгандан кейин ҳам чегарада «эркин ҳаракат» бўлишига йўл очилмайди.
Қирғизистоннинг иқтисод министри Артем Новиков Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) Ереванда ўтган ҳукуматлар аро йиғинидан кейин журналистларга қозоқ томон чегарани аввалги тартибда «очмайди» деб билдирди.
«Бугун Қозоғистон бизга йўл харитасига қўл қўйилса ҳам чегара очилмаслигини маълум қилишди, эркин ҳаракат бўлмайди. Шу сабабли бугун ҳужжат имзоланмади», — деди Новиков.
Шунга қарамай, қирғиз билан қозоқ томон йўл харитасининг 48 пункти ичидан 43и бўйича тўлиқ равишда ўзаро тушунишди. Новиковнинг айтишича, пунктларда асосан Қирғизистоннинг мажбуриятлари бор.
Шунингдек Новиков бу масала бўйича бундан кейинги ишлар ЕОИИ механизмларини ҳисобга олиш билан олиб борилади деб таъкидлади.
Аввалроқ қозоқ ҳукумати раҳбари Бакитжан Сагинтаев ЕОИИнинг ҳукуматлар аро йиғинида Қозоғистоннинг чегарадаги ҳаракатлари ноқонунийликнинг сонини қисқартиришга йўналтирилганини билдирган. Унинг айтишича, ноқонуний ҳаракатларнинг аксарияти Қирғизистон томондан бўлмоқда.
Сагинтаев билдиришича, ЕОИИ Қирғизистон сабабли 2017-йилнинг саккиз ойида 2,68 млрд доллар йўқотган.
«Биз чегарада олиб борилаётган барча ишлар қандайдир бир турда қирғиз томонга нисбатан йўналтирилмаганлигини айтмоқчимиз», — деб билдирди Қозоғистоннинг премьер-министри.
Ўз навбатида Қирғизистоннинг премьер-министри Сапар Исаков чегарадаги навбат кутишларга эътибор қаратди.
«Бизни яна айтадиганларимиз бор. Мен икки давлат фуқароларининг норозилигига сабаб бўлаётган чегарадаги километрлаб чўзилган тирбандликларга эътибор қаратмоқчиман, сабаби у ерда биргина Қирғизистоннинг эмас Қозоғистоннинг ҳам фуралари турибди», — деди Исаков.
Новиковнинг айтишича, ноқонунийлик масаласи биргина Қирғизистонда эмас, барча ЕОИИ ўлкаларида бор. Новиков Хитой 2015-йилнинг натижаси бўйича 8,5$ млрд кўрсаткичида Қозоғистон экспортининг ҳажмини кўрсатганини Қозоғистон эса 5$ млрдга яқин импорт кўрсатганини айтди.
Дипломатик можаро
Қирғиз-қозоқ чегарасидаги вазият президент Алмазбек Атамбаев 7-октябрда сўзлаётиб қозоқ ҳукумати ҳақида ёқимсиз нарсаларни айтгандан сўнг оғирлашган.
Ўзининг табрик сўзларини айтаётган вақтда Атамбаев Қозоғистон ҳукуматини «Бакиевни яхши кўради» ва уларни ўз ўлкасининг «бойликларини ўғирламоқда» деб айблаган.
Шундан сўнг қирғиз-қозоқ чегарасидан ўтиш муаммолари юзага кела бошлаган — назорат ўтказиш бекатларида навбат кутишлар бўлиб, автотирбандликлар пайдо бўла бошлаган.
Бундай вазият 18-октябргача сақланган — икки давлатнинг ҳукумати фуқаролар билан бўш машиналарнинг чегарадан ўтишини соддалаштиришга келишишган. Ҳозирда энг асосий муаммо — чегарадан юкли фураларни қозоқ чегарачилари томонидан ўтказилиши.
Муаллиф: Рустам Халимов