Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукумат раҳбарларининг учрашуви: Чегарадаги вазият ҳозирча ҳал қилинмади

512

Қирғизистон премьер-министри Сапар Исаков қозоқ ҳукуматининг раҳбари Бакитжан Сагинтаев билан қирғиз-қозоқ чегарасидаги муаммоларни хал қилиш масаласини муҳокама қилди. Ҳозирда «Ак-Тилек» назорат-ўтказиш бекатида 500га яқин юкли фуралар турибди.

Ҳукуматнинг матбуот хизмати билдиришича, Исаков ўзининг ҳамкасби Бакитжан Сагинтаев билан 25-октябрда Арманистонда учрашган.

Сўзлашувлар вақтида томонлар 48 пунктдан иборат «Йўл ҳаритаси» лойиҳасини муҳокама қилишган, бу лойиҳа «икки ўлка ўртасида бўлган барча масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган».

Премьер-министрлар лойиҳани тўлиқ ишлаб чиқишни топширишган.

Бу вақтгача икки давлатнинг ҳукумат раҳбарлари 18-октябрда икки томонлама сўзлашувларни олиб боришган.

Унда улар «юклари бор жисмоний шахсларни», енгил автомашиналарни ва бўш оғир юк машиналарини чегарадан ўтишини соддалаштиришга келишишган.

Икки ўлканинг ҳукумат раҳбарлари юкли фуралар бўйича масалани беш кун оралиғида ҳал қилишни ваъда қилишган, бироқ чегарадаги фураларнинг ҳолати аввалгидай қолмоқда.

Чегара хизматидан Kloop.kgнинг мухбирига билдиришича, ҳозирда «Ак-Тилек» назорат ўтказиш бекатида 500га яқин фура турибди.

Дипломатик можаро

Атамбаев 7-октябрда ўқитувчилар олдида сўзлаётиб қозоғистон ҳукуматини «Бакиевни яхши кўради» ва уларни ўз ўлкасининг «бойликларини ўғирламоқда» деб айблагандан сўнг чегарадаги вазият оғирлаша бошлаган.

Шундан сўнг Қозоғистон чегарачилари 10-октябрда фуқароларни чегарадан ўтказиш тартибини кучайтирган — ўтказиш бекатларида навбат кутишлар бўлиб, автотирбандликлар юзага кела бошлаган.

Бундай вазият 18-октябргача сақланган — икки давлатнинг ҳукумати фуқаролар билан бўш машиналарнинг чегарада ўтишини соддалаштиришга келишишган.

Муаллиф: Айдай Эркебаева