Парламент комитети Қозоғистоннинг 100$ млн ёрдамидан воз кечишни маъқуллади

596

Жўқўрғу Кенешнинг бюджет ва молия масалалари бўйича қўмитаси Қозоғистон Қирғизистонга ажратиши керак бўлган 100 миллион долларлик грант ёрдами ҳақидаги Шартномани денонсация қилишни маъқуллади.

Бу қарор 23 октябрь куни қўмита йиғилишида қабул қилинди. Мазкур ҳужжат бўйича депутатларнинг саволларига бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев жавоб берди. Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун парламентга юборилди.

Қозоғистон билан эришилган Битимни денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ўтган ҳафтада ҚР ҳукумати томонидан парламентга юборилган эди. Дуйшенбек Зилалиевнинг маълум қилишича, Қозоғистон томонидан Қирғизистонга 100 млн доллар бериш тўғрисидаги Битим 2016 йил охирларида Санкт-Петербургда Евроосиё Иқтисодий Олий Кенгашининг мажлисида имзоланган эди. Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномага анча олдин эришилган бўлишга қарамай, уни имзолаш анча чўзилиб кетган эди.

«Биз бу маблағларга “йўқ” дейишга қарор қилдик. Бошқача айтганда, бизнинг эндиликда унга эҳтиёжимиз қолмади. Биз бюджет ёки хазинадан ташқаридан молия манбаларини қидирамиз. Айни дамда ЕОИИ талабларига жавоб берадиган 14та лаборатория қурилишининг катта қисми тугалланди. Қурилишларга маблағларни бизнинг ўзимиз берамиз. Йил охирига қадар улардан кўпчилигининг қурилиши якунланади», - деди бош вазир ўринбосари.

Қозоғистон ТИВнинг маълум қилишича, кўрсатиладиган ёрдамдан воз кечиш масаласида қирғиз томонидан “расмий маълумот келиб тушмади”.