Атамбаев президентлик сайлови тўғрисида: «Административ бўлмаган ресурсдан қўрқиш керак»

601

Президент Алмазбек Атамбаев сайловда президентликка номзодларнинг қўлидаги маблағ ресурслари хавф яратади деб ҳисоблайди. Бу вақтгача ҳукуматнинг КСДП партиясидан президентликка номзод Сооронбай Жээнбековни бир неча марта административ ресурсдан фойдаланиш бўйича айблашган эди.

Атамбаев Бишкек ЖЭБини таъмирдан кейин очилиш маросимида сўзлаётиб, сайловда административ бўлмаган моддий ресурслардан қўрқиш кераклигини билдирди, сабаби «мана шу сайловчи билан бирга овоз беришга киради».

«Шу пулларни административ ресурс деб қичқириб юрган одамлар тарқатишади», — деди Атамбаев.

Унинг айтишича, сайлов олдида административ ресурдан фойдаланяпти деган кишилар «15-октябрдан кейин қандайдир бир асослар билан ўлкадаги вазиятни барқарорсизлаштиришни исташяпти». Президент ўлкани барқарорсизлаштиришга йўл бермаслигини айтди.

«Мен шуни айтмоқчиман, мен 1-декабргача шу давлатнинг президентиман. Мени ўлкани саросимага солишга ҳаракат қилганларни барчасини қаттиқ жазолашга вақтим етади», — деди у.

Бу вақтгача бошқа президентликка номзод Темир Сариев билан Рита Карасартова ҳукуматнинг КСДП партиясидан президентлик лавозимига номзод Сооронбай Жээнбековни «административ ресурсдан фойдаланмоқда» деб айблашган. Бироқ марказий сайлов комиссияси Жээнбековнинг ҳаракатларидан қонун бузарликлар топмаган.

Аввалроқ Атамбаев Жээнбековнинг номзодлигини Қирғизистон учун «яхши танлов» ва у «ҳақиқатгўй одам» деб қўллаган.

Жээнбеков президентлик сайловидаги номзодларга «бир хил имкон яратиш учун» премьер-министрлик хизматидан кетган.

Бироқ министрлар кабинетининг раҳбарлиги лавозимига Атамбаевнинг «ўнг қўли» дейилган президент адаминистрациясининг собиқ раҳбари Сапар Исаковни тайинлашган.

«Республика — Ата-Журт» парламент фракцияси Исаковни ҳукумат раҳбарлигига тайинлаш президент сайловининг натижасига таъсир қилади деб хавотирланмоқда.

Бироқ Сапар Исаковнинг ўзи парламентнинг навбатдан ташқари йиғинида депутатларни адолатли сайлов ўтказишга ҳаракат қиламан деб ишонтирган.

Президент сайлови 2017-йилнинг 15-октябрида бўлади.

Муаллиф: Айдай Эркебаева

Сурат: «Кабар»