Савод чиқариш орзуга айланганда...

1180

1-сентябрга саноқли кунлар қолди. Ўш шаҳри мактаблари 60минг ўқувчига ўз эшикларини очади. Бироқ, 100га яқин бола учун бу муассаса ёпиқ.

Ўшда инклюзив таълим қандай амалга ошириляпти?

Юз боланинг мактабга бора олмаётганига уларнинг соғлиқ жиҳатдан имконияти чеклангани сабаб бўлмоқда. Ўш шаҳар таълим бошқармаси маълумотида шаҳарда 1000дан ортиқ имконияти чекланган бола бўлса, уларнинг 579 нафари мактаб ёшида. Бу болаларнинг 20 фоизи ёки 100га яқини мактабга бормайди. Бу расмий сонлар. Нохукумат ташкилот вакиллари билим олишга чақирилмай қолган болалар сони ундан ҳам кўп эканини таъкидлашади. Чунки, одатда ота-оналар бошқалардан фарқли бўлган фарзандидан уялиб, хабар беришмайди.

Амантур (боланинг истагига кўра исми ўзгартирилди) ҳозир 16 ёшда. Туғма шол касаллигини бошидан ўтказиб келмоқда. Мактабда ёки уйда ҳам билим олган эмас. Ўсмир ақли-ҳуш масаласида ҳушёр. Саводсиз бўлишига қарамай, келажакда шифокор бўламан деган орзулари бор. Бироқ бу орзу сари қадам ташлашига ота-онаси қарши бўлмоқда.

"Мен албатта шифокор бўлишим керак. Нима бўлганда ҳам мактабда ўқийман. Саводимни чиқаришимга ота-онам қарши бўлавериб, мана 16 ёшга тўлдим. Онам: "ўқиб нима қиласан?!" дер эди. Менга ўхшаган болалар ҳам ўқишяптику, кеч бўлса ҳам билим олсам дейман. Мактабни тамомлаб, университетда ўқийман деган мақсадларим бор", - дейди Амантур.

Ўсмирнинг қисмати Ўшдаги "Улыбка" жамоатчилик жамғармаси ҳодимлари уйма-уй юриб, имконияти чекланганларни билим олишга чақирилишини ўрганишаётганда маълум бўлган. Ташкилот раҳбари Эльмира Умаровага кўра, ҳозир у Амантурнинг ота-онага тушинтириш ишларини олиб бориб, мактабга жойлаштиришга ҳаракат қилишмоқда.

Эльмира Умарова "Улыбка" жамоатчилик жамғармаси раҳбари

"Бахтга қарши, ота-оналарнинг ҳижолат бўлиши ва тушунмаслиги туфайли саводи чиқмай, уйда қамалиб қолган фақат биргина Амантур эмас. Билим олмай қолганлар жуда кўп. Биз 10 йилдан буён манашу муаммо устида фаолият юритиб, ота-оналарга тушинтириш ишларини олиб боряпмиз. Энди-энди бир оз силжишлар кўзга ташланмоқда. Ота-оналар жамоатчиликдан ҳижолат бўлиш билан фарзандларининг келажагига раҳна солиб қўйишади".

Ҳечдан кўра кеч

14 ёшдаги Омургул энди 1-синфни тамомлади

Ўмургул шол касаллигининг оғир турини бошидан ўтказиб келмоқда. Икки қўли ва бир

оёғи умуман ишламайди. Ақл-ҳуши эса жойида бўлиб, жуда зийрак. Онасининг "қизим тузалиб кетади" деган узилмаган умиди Ўмургулни билим олишини 7 йилга ортга сурган.

Ўмургул янги ўқув йилини интизорлик билан кутаётганини айтади

14 ёшдаги Ўмургул кузда 1-синфни тамомлади. Исм-шарифини ёзиб, расм чизишни ўрганди деб онаси қувонмоқда. У янги ўқув йилини интизорлик билан кутаётяпти.

Ўмургул бир оёғи билан сурат чизиб, компьютерда ишлай олади.

"Она ўз фарзандини ногирон дея олмас экан. Ана юриб қолар, мана юриб қолар дейиш билан 13 йил ўтиб кетибди. Оҳири уйда бўлса ҳам билим олаверсин деган қарорга келдим. Аслида у ҳозир 7-синфга бориши керак эди. Аммо энди 1-синфни тамомлади. Ўқишга қизиқиши яхши, муаллимасини доим кутади. Кўпчиликка аралаштириб мактабга олиб боргим келади, аммо қизимга баъзи бировларнинг раҳм нигоҳи билан қарагани оғир ботади", -дейди Ўмургулнинг онаси Азиза Сактанова.

Азиза опа қизининг соғайиб кетишига умид боғлаб, 7 йилни беҳуда ўтказганидан афсусланади.

Жамоатчиликдан ҳавфсираб...

Раҳматулло мактабга бориб ўқиса ҳам бўлар эди, аммо ота-онаси фарзандини камситиб қўйишлари мумкин дея ҳавотирланишади.

Раҳматулло Умрзақов бу йил 8-синфга кўчди. Бошқа болалардай мактаб партасини, синфдошлар соғинчини ҳис этиш унга бегона. Уйига қатнаб дарс берадиган Зарифахон опасини интизорлик билан кутади. Бизга йўл кўрсатиб борган ўқитувчисини кўриб, қувончини яшира олмади.

Муаллимаси уни маҳсус дастур асосида ўқитади.

У ҳозир ёзиш-чизишни ва китоб ўқишни билади. Келажакда эса ўқитувчи бўлишни орзу қилади.

Раҳматулло Умрзаков шол касаллиги билан оғригани билан ўзи юриб, баъзи бир ишларни бажара олади. У барча каби мактабга бориб ўқиса ҳам бўлади. Лекин ота-онаси ўғлини бошқа ўқувчилар камситиб қўйишларидан ҳавотирланадилар.

Нодавлат ташкилотларнинг изланишларига кўра, уйда билим олаётган болаларнинг 50-60%и мактабга қатнаса бўлади. Бироқ бундай болаларнинг ота-оналари уларни уйдан чиқаришни эп кўришмайди.

"Уйдаги таълим сифати ва натижаси борасида биз кўп баҳслашиб келмоқдамиз. Уларни қандай ўқитишяпти, бола нимани ўрганмоқда деб назорат қилган одам йўқ. Имтиҳон қилинмайди. Биз оддий тест қилиб кўрдик. Болаларнинг билими жуда ночор. Фарзандига сифатли таълим берилишига биринчи навбатда ота-оналар эътибор қаратиши керак. Ҳозир уйда билим олаётган болаларни жамоатчиликка аралаштириб, мактабларга олиб борса ҳам бўлади. Имконияти чекланган болаларнинг ота-оналари уларни кўчага олиб чиқишдан уялишади. Шундай ёмон тушунчадан ҳалос бўлиш учун биз 10 йилдан буён ота-оналарга тушинтириш ишларини олиб боряпмиз. Аммо умуман билим олмаётган ногирон болалар ҳам бор. Уларни кўриб, ҳеч бўлмаса уйда билим олишга бўлса ҳам рози бўлаётган ота-оналарга миннатдор бўласан. Баъзи бир ота-оналар умуман кўнишмайди: "Болам қандай ўқий олади, ўқиб нима қилади? Бизни аралаштирманглар, тинч қўйинглар! Ўзимиз биламиз!" –деганлар ҳам йўқ эмас", -дейди Эльмира Умарова.

"Қуёш" қизи Розалия

Даун синдроми мактабда бошқалар билан ўқишга тўсқинлик қилмайди

Розалия даун синдроми билан ҳасталанган. Бошқа болалар билан бирга оддий ўрта мактабда билим олади. Онаси Рамилия Дусаева шифокорлар маслаҳати билан Розалияни маҳсус мактабга берган. Аммо у ердаги муҳит "қуёш қизи"га ёқмаган. Имконияти чекланганлар ўқийдиган мактабга боришни истамаган.

"Розалия кичиклигида бизнинг марказга келар эди. Даун синдроми билан ҳасталанган бошқа болаларга қараганда унинг ривожланиши анча яхши. Бунга ота-онасининг ғамҳўрлиги, жамоатчиликка аралаштиргани сабаб бўлди. Кўпчилик бундай болдаларни ўқитмай, жамоатчиликдан олислатиб, касалини кучайтириб юборишади", -дейди Ўш шаҳар имконияти чекланган болаларни реаблитациялаш маркази етакчиси Зарифа Акматова.

Рамилия опа қизини ногирон демай, ҳар қандай қийинчиликларга қарамай юмшоқлик билан муомилада бўлади. 12 ёшдаги Розалия уй ишларига жуда қизиқиб, келажакда ошпаз бўлишни орзу қилади. Онаси Рамилия қизи учун ҳеч қандай "имтиёзларни" яратиб бермайди. Чунки Розалия келажакда мустақил яшай олиши керак.

"Қизимнинг нималарга қодирлиги, яна нималарга қизиқиши борасида изланаман. Ўзи эса ошпаз бўламан деганди, маҳсус ошпазлар кийимини тикиб бердим. Менинг ёрдамим – қизимнинг истагини қўллаб-қувватлаш. Уни касал деб иш қилдирмай қўймайман. Мен учун қизим ўз касбини танлаб олиши зарур", - дейди Рамилия Дусаева.

Розалия жисмоний тарбия ва расм дарсларини жуда яхши кўради. Синфдошлари Розалия учун доим ёқимли муҳит тузиб беришга ошиқишади.

Ўшдаги мактабларнинг 40 фоизга яқинидагина инклюзив таълим учун шароитлар тузилган. Ҳозир 360 га яқин имконияти чекланган ўқувчи умумий таълим муассасаларида ўқийди. Таълим бошқармаси вакиллари имконияти чекланган болаларини ўқитиш учун мурожаат қилган ота-оналарнинг барчасини илтимосини қондиряпмиз дегани билан мактабларда ўқитувчиларни бундай болаларни ўқитишга тайёр эмас. Чунки умумтаълим мактабларда имконияти чекланган болалар билан ишлай оладиган маҳсус мутаҳассиснинг ўзи йўқ.

Имконияти чекланган болаларнинг билим олиши сонларда:

Ўш шаҳрида инклюзив таълимни ёйиш бўйича қатор йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган "Смайл.кж" номли жамоатчилик жамғармаси бор. Ташкилот яқинда "Эртага мактабга!" деб номланган лойиҳасини мувафаққиятли якунига етказди. Унинг асосида 2015-йили шаҳардаги реаблитацион марказда имконияти чекланган болаларни мактабга тайёрлаш синфи очилди. Бунда маҳсус тайёргарликдан ўтган ўқитувчи болаларни мактабга тайёрлайди, ўқиётган болаларга қўшимча дарслар ўтади.

Бу орада маҳсус синфда тўрт тоифага ўнтадан 40 нафар ўқувчи қабул қилинди. Уларнинг орасидан 10 болани мактабда билим олиш салоҳияти аниқланиб, тайёргарликдан ўтишди. Шундай қилиб, Ўш шаҳридан беш, Қорасув районидан беш кичкинтойни мактабларга жойлашган.

Бундан ташқари реаблитацион марказда даволанаётган 200дан ортиқ бола ҳам билим ола бошлади. Ҳозир лойиҳа ниҳоясига етди, аммо тайёрлаш синфи ёпилиб қолгани йўқ. Бир ўқитувчига давлат томонидан ойлик маош бўлиниб, маҳсус ғамҳўрликка муҳтож болаларни ўқитиш давом этмоқда.

Биз болаларни ўқитиб, кейин Ўш шаҳри ва Қорасув районидаги мактабларга жойладик.

Тазагул Сагимбаева
“Эртага мактабга!” лойиҳаси ўқитувчиси

Бу жараён қийинчилик билан кечди. Чунки ўқитувчилар: "Бунгача бизнинг мактабда бундай болалар ўқимаган, қандай қилиб ўқитамиз?" деб ҳавфсирашиб қабул қилишди. Аммо инклюзив таълим – давр талаби. Шундан сўнг, оддий болалар ўқийдиган мактабларга бориб, ўқитувчилар учун "Меҳрибонлик" дарсларини ўтдик. Бунда уларга имконияти чекланган болалар ҳам билим олишга ҳақли экани, жамоатчиликнинг тўлақонли аъзоси экани ва бундай болаларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида тушинтириш ишларини олиб бордик. Ўқитувчилар биздан олган сабоқларни ўқувчиларга тарбиявий соатларда айтиб беришди.

Сайёра мустақил юра олмайди. Мактабга дадаси ясаб берган маҳсус велосипед аравачада онасининг ҳамроҳлигида боради. Саломатлиги туфайли чекланган имкониятни билим олишга бўлган хоҳиши билан енгмоқда.

Руслан Мусабаев 1-синфни аъло баҳолар билан тамомлаган. Ҳаракат қилишида қийинчилик бўлгани боис болани ёнида бувиси ҳар доим ҳамроҳлик қилади. Улар эрта тонгда мактабга, тушдан кейин реалитацион марказга қатнайдилар.

"Саломатлиги сабаб имконияти чекланганлар ҳам бошқа болалар каби билим олишга ҳақли. Шундан келиб чиқиб инклюзив таълимни яхшилаш керак. Унинг дастлабки босқичи қатори ўқувчилар учун пандуслар ўрнатилиши шарт.

Лариса Кузнецова
"Смайл.кж" жамоатчилик жамғармаси раҳбари

Биз нима учун бундай болалар бошқа болалар каби мактабларда ўқисин деяпмиз, чунки болалар ҳуқуқи ҳақида ва ногиронлар ҳуқуқлари ҳақида конвенциялар Қирғизистон қонунчилиги ҳамма болалар билим олишга ҳуқуқи бор эканидан дарак беради. Иккинчидан, имконияти чекланган болалар билан бирга ўқиш, куйлаш, ўйнаш орқали ривожланиб ўса бошлайди. Улар билан бирга ҳаётга кўника бошлайдилар". 

Таълим ва фан минстрлигининг режаси бўйича 2020-йилга бориб Қирғизистонда барча мактаблар инклюзив таълимга тайёр бўлиб, имконияти чекланганларни билим олишга чақириш кучайиши керак. Бу борада халқаро сармоя ташкилотлари билан қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Аммо, ҳудудларда, шунингдек Ўш шаҳрида мактабларнинг эскилиги масалани ҳал этишда кўпроқ салбий таъсир этмоқда.

Инклюзив таълимни жонлантиришга инфратузулмавий шароитгина эмас, ўқитувчиларни бундай болаларни ўқитишга руҳъан ва касбий жиҳатдан тайёр эмаслиги ўз таъсирини кўрсатади, -дейди нохукумат ташкилот вакиллари. Айни дамда имконияти чекланган болалар қаторида ўқитувчилар ҳам ўқитилмоқда.

Салтанат Жудошова,
Ўш шаҳар таълим бошқармаси усулчиси

"Тўғрисини айтганда, инклюзив таълим бўйича мактабларда моддий, техник база етарли эмас. Ҳар бир мактабга пандус қуриш вазифаси юклатилгани билан, мактаб ичидаги шароит ўзгармай келмоқда. Чунки мактаб бинолари эски бўлиб, қурилаётган пайтда бу ҳисобга олинган эмас. Масалан: синф хоналарига арава билан кириб-чиқиш, ўқув қуроллари, маҳсус ҳожатхона каби қулай муҳитни ташкил этиш бурун қурилган биноларда ҳисобга олинган эмас. Янги қурилаётган биноларда имконияти чекланганлар учун қулай шароитлар барпо этиш албатта ҳисобга олиняпти. Ўқитувчиларнинг тайёргарлиги бўйича айтадиган бўлсам, имконияти чекланган болаларга қандай муносабатда бўлиш керак, қандай билим бериш даркорлиги бўйича маҳсус кўникмалар ўргатилиб келиняпти. Уйларга бориб ўқитган педагоглар ҳам бошқарма томонидан назорат остига олинади", -дейди Ўш шаҳар таълим бошқармаси усулчиси.

Қирғизистонда инклюзив таълимни юзага ошириш бўйича харакатлар дастлаб 90-йиллар ўртасида бошланган. Унга қадар Совет даврида имконияти чекланган болаларга алоҳида эътибор қаратилиб, маҳсус кўмакчи мактаблар, интернатларда билим олишган.

Инклюзив таълим ҳуқуқ ва имкониятларнинг тенглигига асосланган: биз ҳар турлимиз, лекин ҳар бир одам сўзлашишга, уни бошқалар эшитиш ҳуқуқи берилган. Маҳсус мактабларда билим олиш бундай ҳуқуқларни чеклайди, ёпиқ дунёни ҳақиқий турмушдан фарқи катта бўлгани учун имконияти чекланган болаларни жамоатчиликка қўшилиб кетишига таъсир кўрсатади. Барча болалар бирга билим олиши ногрионларгагина эмас, соғлом болажонларга ҳам фойдали, чунки улар болалик давриданоқ инсонпарварлик руҳида улғайиб, маҳсус ғамҳўрликларга ёндоша олади, -дейди экспертлар.

Қирғизистонда 18 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалар сони 27минг атрофида. Улардан 4 минг нафари оддий мактабларда, 2 мингги болалар боғчаларига боришади. Яна 1,5 минг бола маҳсус мактабларда билим олишади.

Муаллифлар: Адина Досумбетова, Мадина Улуғбек қизи, Мирзайим Жанибек қизи
Видео: Заир Абдукеримов, Кубаничбек Жусанов
Мақолада "Улыбка", "Смайл.кж" жамоатчилик жамғармалари суратларидан фойдаланилди. 

Мақола Интерньюс-Қирғизистон ва Клооп Медиа кўмагида "Марказий Осиёдаги мустақил ОАВларни тараққий этиш" лойиҳаси асосида тайёрланди.