“Ислом Давлати” террорчилик ташкилоти Барселонадаги теракт учун маъсулиятни ўз зиммасига олди. Бу борадаги хабарни “жиҳодчи”ларга яқин бўлган Amaq ахборот агентлиги тарқатди, дейилади террорчилар фаолиятини мониторинг қилувчи SITE Intelligence Groupнинг твиттеридаги хабарида.
Испания расмийларнинг маълум қилишича, 17 август куни Барселона марказидаги Рамбла сайёҳлик ҳудудида фургон пиёдаларга бориб урилгани натижасида камида 13 киши ҳалок бўлиб, 100дан ортиқ киши жароҳат олди.
Каталония ҳукумати баёнот бериб, полиция “террор ҳужуми” билан боғлиқ икки киши ҳибсга олинганини маълум қилди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп баёнот бериб, ўз мамлакати Барселонадаги терактни қоралашини ва Испанияга ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтди. Германия, Франция, Буюк Британия, Россия раҳбарлари хам Испания халқи билан бирдам эканликларини билдиришди.
Сўнгги йилларда Европада пиёдаларга қарши транспорт воситаларидан фойдаланилмоқда. Ницца, Берлин, Лондон ва Стокгольмда юз берган бу каби ходисалар оқибатида 100дан ортиқ киши ҳалок бўлди.