Бишкек: Милиция патруль ходимининг фаолга қилган муомаласини ўрганиб чиқади

583

Патруль милицияси фуқаровий фаол Болот Ибрагимовга қаттиқ гапирган милиционерга нисбатан ички текширув ишини бошлади. Патруль милициясини матбуот марказининг ходими Таалай Бугубаев Kloop.kgга билдиришича, Ибрагимовнинг аризаси билан хизмат текширув иши бошланади.

«Агар милиционернинг айби, аниқроқ айтганда қўпол муомаласи исботланса, унда у дисциплинар тарзда жазоланади», — деди Бугубаев.

Унинг сўзларига кўра, бу масала этика бўйича комиссиянинг йиғинида қаралиб, бу ерга жанжалда иштирок этган икки томон ҳам чақирилади.

Ибрагимов Kloop.kgга айтишича, 12 июнда Айтматов проспектида у патруль милиция ходими нотўғри жойдан ўтаётганда уни уриб кетишига оз қолган.

«Мен унга огоҳлантириш берсам, у менга уят сўзларни айтди. Мен дарров тўхтаб, изоҳлаб бериш талаби билан ўша инспекторга бордим. Биз қўл бериб саломлашдик, у мени қўлимни қўйиб юбормай қиса бошлади. Мен қўлимни тортиб олаётганимда, у қўлимни қайта тортиб, мени турта бошлади», — деди фаол.

Ибрагимов воқеани телефонга тасвирга ола бошлаган, милиционер эса унга тўсқинлик қилишга ҳаракат қилган. Шундан кейин милиционер шериги билан кетиб қолган.

Ўша куни Ибрагимов милицияга ариза ёзиб, патруль ходимининг кўкрагидаги камера тасвирга олган видеони кўрсатишни талаб қилган.

Ибрагимовнинг фикрича, камера ўчиқ бўлган, бу қонун бузиш бўлиб ҳисобланади.

«Бироқ агар видео бор бўлса ва уни ўчириб ташлашмаса, воқеа тасвирга олинган тўлиқ видеони кўрсата оламан. Унда патруль ходими мени қандай сўккани кўриниб турибди», — деди у.

Муаллиф: Александра Титова