Бишкек иссиқлик маркази радиоактив кўмирни чиқиндига чиқаради

507

Пойтахтнинг иссиқлик маркази 618,6 тонна радиоактив кўмирни чиқиндига чиқаради. Кўмир 2017-йилнинг 1-июлигача чиқиндига чиқарилиши керак.

Бишкек иссиқлик маркази радиоактив кўмирни чиқиндига чиқаришга тайёр. «Электр станциялари»нинг матбуот маркази «Қораболта тоғ-кон комбинати» уни кўмдиришга ер ажратиб берганини билдирди.

Умумий чиқиндига 618,6 тонна радиоактив кўмир жўнатилади. Ҳукуматнинг 2017-йилнинг 10-майидаги қарорига кўра, фавқулотда ҳолатлар министрлиги кўмирни 2017-йилнинг 1-июлигача олиб чиқиб кўмиши керак.

Олдин парламент йиғинида кўмир ҳамон иссиқлик марказида далил қатори сақланиб тургани айтилган.

Радиоактив кўмир Қирғизистонга Қозоғистондан 2011-йилнинг сентябрида олиб келинган. Унинг радиация фони йўл берилган меъёрдан саккиз-тўққиз марта кўп эди.

Олиб келинган кўмир Чуй вилоятининг айрим мактабларида анча-мунча фойдаланиб, Бишкек иссиқлик марказига етказилган. Мазкур маълумотни кейинчалик бош прокуратура тасдиқлаган.

Чуй вилоятининг Кошой қишлоғи маъмурияти раҳбарининг сўзларига кўра, зарарли кўмир ёқилгани сабабли болалар оғрий бошлаган.

Бош прокуратура кўмир сотиб олишга масъул амалдорларга қарши жиноий иш қўзғаган. Айбланувчилар қаторида собиқ энергетика министри Аскарбек Шадиев ва «Электр станциялари»нинг собиқ бош директор Аман Тентиев ҳам бор.

Бироқ Биринчи май район суди 2012-йилнинг июлида айбланувчиларнинг барчасини айбсиз деб топган. Суд уларнинг ҳаракатида «жиноят аломатлари йўқ» деб қарор чиқарган — у радиоактив кўмир «тасодифан» олиб келинган деб, уларни оқловчи ҳукм чиққан.

Бу иш бўйича гувоҳ қатори жалб қилинган энергетика тармоғи бўйича мустақил эксперт Расул Умбеталиев ҳукм адолатли бўлмаган деб ҳисоблайди — у радиоактив кўмир атайин сотиб олинган деган фикрда.

Ҳукуматнинг собиқ матбуот котиби Султан Каназаров 2012-йилнинг февралида, кўмир қалбаки ҳужжатлар билан олиб келинганини билдирган.

Муаллиф: Метин Жумагулов