Текебаевнинг иши бўйича материаллар судга ўтказилди

523

Омурбек Текебаевнинг адвокати Чинара Жакупбекова ўзининг ҳимоясидаги иш текширилиб битиб, материаллари судга ўтказилганини хабар қилди.

Жакупбекова Kloop.kg билан бўлган суҳбатда унинг мижозига иш материаллари билан танишишга етарли вақт берилмаганини айтди.

«Омурбек Текебаев жиноий ишининг биринчи томи билангина танишишга улгирди, иккинчи томини эндигина текшира бошлади», — деди Жакупбекова.

Унинг сўзларига кўра, терговчилар ҳужжатларни ўқишга 17 кун бериб, уларнинг ичидан саккизи дам олишларга тўғри келган.

«Ишни текшириб улгирмаган бўлсак, қандай қилиб илтимоснома ёки ариза берамиз?» — деди Жакупбекова.

Жакупбекова билан Текебаев бу бўйича бош прокуратурага ариза беришди.

Текебаевга қарши жиноий иш

Мухолифатчи «Ата Мекен» партиясининг раҳбари Омурбек Текебаев 26-февралдан бери миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетининг тергов изоляторида.

У «Манас» ҳаво майдонида ушланишидан бир кун олдин махсус хизматлар мухолифатчига қарши «Товламачилик» ва «Порахўрлик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғади.

Тергов версияси бўйича Текебаев 2010-йили россиялик тадбиркор Леонид Маевскийга «Мегаком» уяли компаниясини бошқаришга имконият олиб бераман деб ваъда бериб, ундан пора олган.

Текебаев айбини тан олмаган ва ўзига қарши қўзғалган жиноий иш сиёсий маънода деб ҳисоблайди.

Қўйилган айбларга рози бўлмаган Текебаевнинг тарафдорлари Бишкекда, Ўш ва Жалолобод областларида бир неча марта митингга чиқишган. Депутатнинг ҳамкасблари Текебаевни қамоққа олинишини «сиёсий таъқиб» деб аташган.

Бироқ президент Алмазбек Атамбаев мухолифатчининг ишида ҳеч қандай сиёсат йўқ деб ҳисоблайди ва Текебаевнинг ишини якунига етказиш ниятида.