Каруселнинг қулашига ким жавобгар?

712

Ўшдаги Навоий паркида карусель қулаб, саккиз киши жабрланди. Каруселдан қулаганлардан бирининг аҳволи оғир бўйича қолмоқда.

Материалнинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтида эълон қилинган.

Ўш шаҳар милицияси жиноий иш қўзғади. Бироқ ҳалокатга жавобгар қатори ҳозирча бирорта ҳам одамнинг номи айтилмади.

Кеча Ўш шаҳрининг Навоий истироҳат боғида жойлашган каруселларнинг бири қулаб, саккиз киши жароҳатланган. Уларнинг уч нафари ҳозир Ўш шаҳар касалхонасида даволанмоқда.

Киличбек Мамашарипов

Ўш шаҳар касалхонаси бош шифокорининг ўринбосари Киличбек Мамашариповнинг сўзларига кўра, бир бемор ҳамон жонлантириш бўлимида.

- Карусель воқеасидан бизнинг касалхонага умумий саккиз киши тушган. Уларнинг беш нафари амбулатор ёрдам олиб, уйларига чиқишган. Қолган уч кишининг бири ҳозир ҳам жонлантириш бўлмида. Сабаби жароҳати оғир. Яна икки жабрланувчи умумий палатада даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли.

Замир Сидиков

Каруселнинг қулаши бўйича Ўш шаҳар милицияси "техникивоситалардан фойдаланиш қоидасини бузиш" моддаси билан жиноий иш қўзғади. Бу ҳақда Ўш шаҳар милициясининг матбуот ходими Замир Сидиков билдирди.

- Бу факт бўйича жиноий иш қўзғалди. Тергов ишлари ким нимага жавобгар эканлигини аниқлайди. Карусель воқеасига алоқаси бор одамларнинг барчасининг ҳаракатига юридик баҳо берилади. Менинг фикримча бу ишнинг тергови узоқ давом этиши мумкин. Ҳозирча Ўш шаҳар милицияси бунга ўхшаган бошқа воқеаларни олдини олиш таклифини маҳаллий ҳукуматга ҳам йўллади.

Бу орада шаҳардаги турли хизматлар карусель ҳалокатига алоқаси йўқлигини ҳозирдан айтишди. Масалан, давлат экология ва техника хавфсизлиги инспекциясининг Ўш шаҳар бошқармасининг ўринбосари Курбанбубу Раимова каруселларнинг яроқлилигини текшириш уларнинг вазифасига кирмаслигини билдирди.

- Биз истироҳат боғларидаги аттракционларнинг техник ҳолатини назорат қилмаймиз. Биз дарахтлар кесилиб кетмасин, тозалик сақлансин, ноқонуний ишлар бўлмасин деб қараймиз. Темир-терсак, аттракционларни ўрнатиш вазифамизга кирмайди. Бу бўйича 2015-йили "Хавфли енгил саноат объектларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунга кўра, аттракционлар бизнинг функцияга кирмайди деб биз мэрияга хат юборганмиз. Ҳозирча аттракционларнинг яроқлилигини бирорта ҳам давлат органи назорат қилмайди.

Мирлан Исраилов

Навоий боғидаги тўрт гектар ернинг барча аттракционлари билан беш йилга 5 миллион сомга Улан Каримбаев исмли хусусий тадбиркор ижарага олган. Бироқ Каримбаев ҳозирча мазкур воқеа бўйича ўз фикрини айтмаган.

Бу орада Ўш шаҳар мэриясининг муниципал мулк бўлимининг раҳбари Мирлан Исраилов ижарадаги боғда бўлган воқеаларга тадбиркор ўзини жавобгар эканлигини айтди.

- Навоий парки “Болалар келажаги” деб номланган масъулияти чекланган ишхонага беш йилга ижарага берилган. Бу ишхонанинг хўжайини Бишкек шаҳрининг яшовчиси Улан Каримбаев деган фуқаро. Сўнги шартнома 2016-йилдан 2021-йилгача тузилган. Ижарага берилган тўрт гектар ернинг ичида эски ва янги бир неча аттракцион бор. Шартномада булар ҳар бир аттракционни тегишли мутахасисиларнинг яроқли деган хулосасини олиб, кейин ишлатишган.

Навоий боғида дам олаётган турғунларнинг бири мазкур воқеадан кейин хавфсираб қолганини айтади.

- Аҳолига хизмат қилаётган автобусларни техник текширувдан мажбуран ўтказишади. Буни милициялар назорат қилади. Бу ҳам аҳолига хизмат қилган хавфли ишхона. Унинг техник яроқлилигини нима учун ҳеч ким назорат қилмайди? Бу ерда ҳар байрамда оналар, бувилар, борлалар дам олишади. Уларнинг хавфсизлигига ҳеч ким эътибор бермайди? Бунга ҳам пулини тўлаяпмизку.

Ўш шаҳрида Навоий ва Тўқтўғул истироҳат боғларида йирик аттракционлар бор. Уларнинг барчаси Ўш шаҳар мэриясининг мулки деб ҳисобланади. Бироқ уларнинг аниқ сонини, қайси аттракционнинг қанча йилдан бери ишлаётганини мэрияда ҳам аниқ билган киши йўқ. Кеча қулаган аттракцион эса Совет иттифоқи вақтидан бери фойдаланиб келинаётгани айтилмоқда.