Олий суд Салянованинг турмуш ўртоғига ҳукм чиқармаган

508

Қирғизистон олий суди Салянованинг куёви Бакит Абдикапаровнинг ишини кўриб чиқмаганини билдирди. Аввалроқ, Олий суд Абдикапаровни етти йилга шартли равишда кесгани тўғрисида маълумот пайдо бўлган.

Олий суднинг матбуот хизмати билдиришича, судьялар «Тозалик» муниципал ишхонасининг собиқ раҳбари Марат Кутановнинг жиноий ишинигина кўриб чиқишган.

Бишкек иссиқлик марказига сифатсиз кўмир етказиш бўйича қолган айбланувчиларга — иссиқлик маркази хавфсизлик хизматининг собиқ етакчи мутахассиси Турсунбек Мамбеталиевга, «Электр станциялари»нинг собиқ тижорий директори Кемел Имановга ва тадбиркор Абдикапаровга — нисбатан Биринчи май район судининг ҳукми ўз кучида қолмоқда.

Унга кўра, Салянованинг куёви уч йиллик синов муддати билан етти йилга шартли турда озодликдан маҳрум қилинган ва 5000 сом жаримага тортилган.

Салянованинг куёви тадбиркор Бакит Абдикапаровга қарши жиноий иши «Тозалик» муниципал ишхонаси хизмат ходимларининг шартномаларини текшириш вақтида 2015-йилнинг бошида қўзғалган. Унда Салянова бош прокурор хизматида бўлган.

Абдигапаровга катта миқдорда бир неча кишилар билан олдиндан сўзлашиб олиб товламачилик қилган деган айб қўйилган.

Шундан сўнг, Салянова президент Алмазбек Атамбаевни очиқ танқид қила бошлаган. Салянова кейин ҳукумат унга босим ўтказаётганини билдириб, бош прокурор хизматидан кетишга мажбур бўлган.

2016-йили мухолифатчи «Ата Мекен» партиясидан депутат бўлиб сайланган Салянова Атамбаевнинг конституциявий ислоҳотларига қарши чиқиб, ўлканинг асосий муҳолифатчи сиёсатчиларидан бири бўлиб қолди.

2016-йилнинг февралида Салянова Атамбаевнинг ўзи Бишкек иссиқлик маркази учун «Прогресс Компани» компаниясидан кўмир сотиб олишни «қарамоғига олганини» билдирган.

Ҳозир Саляновага қарши ҳам жиноий иш қўзғалган. У 2010-йили юстиция министри бўлган вақтда Максим Бакиевнинг собиқ адвокати Алексей Елисеевнинг лицензиясини ноқонуний узайтириб берган деб айбланмоқда. Ишнинг материаллари судга ўтказилди.

Бундан ташқари Салянова 2010-йили «Мегаком» уяли алоқа оператори акцияларини сотишда манфаатдор деб гумон қилинмоқда.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова

Сурат: «Вечерний Бишкек»